Президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда болаларнинг интеллектуал, ижтимоий ва маънавий ривожида муҳим бўлган ушбу босқични янги сифат даражасига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етган. Бироқ қамровни 80 фоиздан ошириш учун қўшимча боғча ўринларига эҳтиёж мавжуд. Айни пайтда 39 та туман ва шаҳарда бу кўрсаткич 70 фоиздан пастлигича қолмоқда. Шунингдек, давлат ва нодавлат боғчалардаги педагог кадрлар салоҳиятини ошириш долзарб вазифа сифатида қайд этилди.
Тақдимотда 2026—2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли “Янги авлод” давлат боғчалари ва уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказларини ташкил этиш режалари маълум қилинди. Ушбу боғчаларда қўшимча раҳбар ҳамда тарбиячи-йўриқчи штатлари жорий этилиб, раҳбар ва педагог ходимларга тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Шунингдек, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилиши белгиланди. Таълим жараёни ўйинга асосланган моделда, болаларнинг табиий қобилияти ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ташкил этилади.
Нодавлат таълим секторини қўллаб-қувватлаш ҳам асосий йўналишлардан бири бўлди. Қамров даражаси паст ҳудудларда тадбиркорларга ижара, субсидия ва имтиёзли кредитлар бўйича қатор енгилликлар берилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган боғчалар учун ер ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди.
Президент тақдим этилган чора-тадбирларни пухта ишлаб чиқиш, босқичма-босқич жорий этиш ва мактабгача таълим сифатини ошириш орқали болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратиш муҳимлигини таъкидлади. Мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилди.


