Баҳор мавсумида 600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. Айрим вазирлик, идора ва тармоқлар кўчат экиш тадбирларига етарлича эътибор қаратмаган.
31 май куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлисида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахт экиш ва парвариш қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 125 млн туп кўчат экилиши белгиланган бўлиб, 138,1 млн туп (110,5 фоиз) экилган. Кўчатларни суғориш учун 253 та сув чиқариш қудуқлари ва 2906 км узунликда суғориш тизимлари ўрнатилган. Суғориш манбаси мавжуд бўлмаган ҳудудларга суғориш учун 991 та махсус техника бириктирилган.
Шу билан бирга, дастлабки маълумотларга кўра, баҳор мавсумида 600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. Кўчатларни парвариш қилиш, суғориш, пайҳон қилинишининг олдини олиш ишлари етарли даражада амалга оширилмаган. Ҳудудларда экилган дарахтларнинг касаллик ва зараркунандаларга қарши механик, биологик, кимёвий кураш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган бўлсада, ушбу масала ҳал этилмасдан қолган.
Ҳокимликлар, вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан аввалги мавсумларда экилган, табиий ва бошқа омиллар ҳисобига қуриб қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш, кўкармасдан қуриб қолганлари ўрнига янги кўчатларни экиб ўрнини тўлдириш амалиёти йўлга қўйилмаган.


