Табиат ресурслари вазири А. Абдуҳакимов Италиянинг Рим шаҳрида атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича ўтказилаётган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражадаги 7-конференцияси доирасида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили T.Hakala билан учрашув ўтказди.
Жорий йилда “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи” ва “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” йўналишида бир қатор соҳаларда ўтказилиши режалаштирилаётган муҳим учрашув ва тадбирларда экология ва атроф-муҳит соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилгани, шунингдек, Орол денгизининг қуриши муаммосига қарши курашишда кўмак беришда давом этилишини қайд этди.
Ўзбекистон томонининг экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун Тошкент шаҳрида Минтақавий университетни ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади.
Европа томони Ўзбекистоннинг 2030 йилгача метан чиқиндиларини 30 фоизга камайтиришга қаратилган Глобал метан мажбуриятига қўшилиш борасидаги ҳаракатларини ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистонга бу йўналишда техник ёрдам кўрсатилишини ҳам маълум қилди.
Т. Ҳакала 2024 йилда Европа Иттифоқи 2021-2024 йилларга мўлжалланган бюджет цикли доирасида ажратилган молиявий ва техник ёрдам маблағларини ривожлантириш бўйича глобал таҳлил ўтказиш ниятида эканлигини билдирди.
Шунингдек, Т. Ҳакала Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни сақлаш ва шаҳар атрофидаги ресурслар, хусусан, сув ва ер ресурсларини бошқариш билан боғлиқ масалаларни бартараф қилишдаги минтақавий ёндашувини эътироф этди.
Учрашув якунида Табиат ресусрлари вазири А. Абдухакимов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Т. Ҳакалани жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТ Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши ҳамда БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (СМС СОП-14)да иштирок этишга таклиф қилди.


