9 январдан Африкада футбол бўйича миллий терма жамоалар иштирокида қитъа чемпионатига старт берилган эди. Биз сайтимиз орқали мусобақанинг биринчи турида қайд этилган натижалар ҳақида хабар берган эдик. Айни кунларда чемпионатнинг иккинчи ҳамда қисман учинчи тур ўйинлари ортда қолди. Қуйида сизларни ушбу тур ўйинларида қайд этилган натижалар билан таништирамиз.
А гуруҳи:
2-тур ўйинларини Камерун ҳамда Эфиопия жамоалари иштирокидаги ўйин очиб берди. Натижада мезбонларнинг катта устунлигида ўтган учрашувда камерунликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Кабо-Верде ва Буркина-Фасо жамоалари тўқнаш келди. Муросасиз ўтган учрашувда Буркина-Фасо термаси кичик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Гуруҳнинг учинчи тур ўйинида эса Камерун Кабо-Верде билан 1:1 ҳисобидаги дуранг натижага эришди. Буркина-Фасо ва Эфиопия ўртасидаги баҳсда ҳам айнан шу ҳисоб қайд этилди. Гуруҳ босқич ўйинларидан сўнг Камерун ва Буркина-Фасо термалари плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.
Б гуруҳи:
Мазкур гуруҳдан ўрин олган иккинчи тур ўйинлари 14 январь куни бўлиб ўтди. Унда Сенегал Гвения билан Малави Зимбабве билан тўқнаш келди. Биринчи ўйинда Сенегал Гвения 0:0 ҳисобида дуранг натижага эришган бўлса, Малави Зимбабве устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Гуруҳнинг учинчи тур ўйинларида эса Садио Мане бошчилигидаги Сенегал жамоаси бу сафар ҳам дуранг натижага эришди. Бу сафар Малави термаси сенегалликлар билан бир очкодан бўлишиб олишди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Зимбабве Гвения термасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳ босқич учрашувларидан сўнг Сенегал ҳамда Гвения термалари кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
C гуруҳи:
Бу гуруҳнинг 2-тур ўйинлари 14-15 январь кунлари ўтказилди. Дастлабки ўйинда Марокаш Комор оролларини Селим Амалла ва Закария Абухлялларнинг голи эвазига 2:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида Габон Гана термаси билан дуранг натижа қайд этди. Учинчи тур ўйинлари голларга бой бўлди. Унда Габон Марокаш билан 2:2 ҳисобида жанговор дурангга эришган бўлса, Комор ороллари Ганани иродали 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Охирги тур ўйинларидан сўнг Марокаш ҳамда Габон жамоалари кейинги босқич чиптасига эга бўлишди.
Д гуруҳи:
Д гуруҳининг иккинчи тур ўйинлари 15 январь куни бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда гуруҳ фаворити Нигерия термаси Суданни 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи учрашувда Миср жамоаси Гвения-Бисаудан 1:0 ҳисобида устун келди. Гуруҳнинг сўнгги тур учрашувлари куни кеча ўз якунига етди. Унда Нигерия Гвения-Бисауни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Миср Судан устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Учинчи тур баҳсларидан сўнг Нигерия ва Миср термалари нимчорак финал йўлланмасига эга бўлишди.
Э гуруҳи:
Ушбу гуруҳнинг иккинчи тур ўйинларида Кот-диьвуар Серра-Леоне билан 2:2 ҳисобда дуранг ўйнаган бўлса, Экватриал Гвения Жазоир устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур турдан сўнг Кот-диьвуар 4 очко жамғарган ҳолда гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Э гуруҳининг учинчи тур ўйинлари бугун бўлиб ўтади. Унда Серра-Леоне Экватириал Гвения билан, Жазоир эса Кот-диьвуар билан тўқнаш келади.
Ф гуруҳи:
Бу гуруҳнинг иккинчи тур ўйинларида дастлаб Гамбия Мали билан дуранг натижа қайд этди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида эса Тунис Мавританияни йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мазкур гуруҳнинг учинчи тур ўйинлари бугун бўлиб ўтади. Унда Гамбия Тунис билан Мали Мавритания термаси билан баҳс олиб боради. Иккинчи тур ўйинларидан сўнг Гамбия ва Мали 4 очкодан жамғариб гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.
Жамшидбек АМИРОВ