Унда Янги ташкил этилган Кадастр агентлиги жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказиб, электрон рўйхатдан ўтказишни бошлагани ва 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилгани таъкидланди. Шундан, бугунги кунга қадар 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди. Бундан ташқари, ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди. Шу билан бирга, хатловда кўплаб муаммолар ҳам аниқланди. Мисол учун, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғоз шаклида юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи амалиёт билан фарқ қилмоқда. Жумладан, ҳақиқатда аҳоли яшаш пунктига айланиб кетган 830 минг гектар майдон бошқа ер тоифаларида ҳисобда турибди.
Йиғилишда йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
"Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди.
Юқоридаги натижалар ер кадастри соҳасида бошлаган ишларимизнинг 50 фоизи, холос. Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп.
Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилганмиз.
Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди", — деди Президентимиз.
Қаерда бўш ер борлиги тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, бу билан 30 йил ҳеч ким шуғулланмагани қайд этилди. Оқибатда, кадастр ҳужжати бўлмагани боис 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойларини на кредит гарови сифатида қўя олади, на уни сота олади.
Йиғилиш давом этмоқда.


