Аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилади, деди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида.
Маҳалланинг молиявий мустақиллигини ошириш бўйича ҳам қатор янгиликлар қилинади. Бу борада, аҳолидан йиғиладиган мол-мулк ва ер солиқлари ягона мулк солиғи бўлиб бирлашади ва аҳолидан ундириладиган қисми маҳалла бюджетига тўлиқ ўтказилади. Бу – Қорақалпоғистондаги маҳаллалар ихтиёрида ҳар йили 230 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолади, дегани.
Шунингдек, мамлакат бўйича аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилади. (Қорақалпоғистонда 20 миллиард сўм).
Шу билан бирга, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” имкониятлари янада кенгайтирилади ва унга ажратиладиган маблағлар 3 карра оширилади. Энди “Очиқ бюджет” лойиҳалари ғолиб бўлиши учун 1,5 минг овоз етарли бўлади ва ушбу мақсадлар учун йил якунига қадар яна 1,2 триллион сўм ажратилади.


