Андижонда эр ўз хотини, қайнонаси ва қайниукасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди [https://t.me/andijonprokuraturasi/3261]. Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Избоскан туман “Тўрткўл” МФЙ Хотира кўчасида яшовчи фуқаро А.А. оилавий келишмовчиликлар сабаб турмуш ўртоғи 22 ёшли Р.Ш., уни ҳимоя қилиш учун чиққан қайнонаси Р.М. ва 12 ёшли қайниукаси Р.Х.лар билан жанжаллашиб, уларга пичоқ билан тан жароҳати етказган. Оқибатда, турмуш ўртоғи Р.Ш ва қайнонаси Р.М. ҳодиса жойида, қайниукаси Р.Х. эса шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни вилоят прокуратураси томонидан фуқаро A.A.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан давом эттирилмоқда.