Туркиянинг Анталия шаҳри яқинида жойлашган икки минг йиллик қадимий Рим амфитеатри — Аспендос яна санъат ихлосмандлари диққат марказида. 14 сентябр 1 октябргача давом этган 32-Халқаро опера ва балет фестивали бу йил ҳам ўзининг бой дастури ва юксак бадиий савияси билан дунё миқёсида катта эътибор қозонди.
Мазкур фестиваль илк бор 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, 1998 йилда халқаро мақомни олди ва бугун дунёнинг энг нуфузли санъат форумларидан бири сифатида танилган. 2003 йилда эса у Европа фестиваллар ассоциацияси аъзолигига қабул қилинган. Ҳатто 2004 йилда “The Independent” нашри уни дунёнинг энг яхши 10 опера фестивали рўйхатида 5-ўринга қўйди.
Фестивалнинг асосий саҳнаси — эрамизнинг ИИ асрида, Рим императори Марк Аврелий даврида қурилган ва ўзининг мукаммал акустикаси билан машҳур Аспендос театри. Икки минг йиллик тарих ва ҳайратомуз меъморий қиёфа ҳар бир спектаклни янада бетакрор қилади. Шу жиҳатдан Аспендос бугун нафақат Туркия, балки бутун дунё маданиятининг дурдонасига айланган.
Бу йилги фестиваль дастурида олти йирик саҳна асари — учта опера ва учта балет намойиш этилди. Фестиваль 14 сентябр куни Пуссинининг машҳур “Турандот” операси билан очилди. Унда дунёга машҳур солистлар — сопрано Олга Маслова ва тенор Риккардо Масси иштирок этди. Кейинги кунларда томошабинлар “Зорба”, “Лабединоэ озеро”, “Дон Кихот” каби балетларни ҳамда Пуссинийнинг “Тоска”сини томоша қилиш имконига эга бўлди.
Энг катта эътибор ва қизиқиш эса фестивалнинг ёпилиш кунига тўғри келди. Чунки илк маротаба Марказий Осиёдан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри тўлиқ труппаси билан иштирок этди. Театр 1 октябр куни Гиусеппе Вердийнинг машҳур “Травиата” операси билан фестивални якунлаб берди.
Мазкур спектаклни режиссёр Константин Камйнин саҳналаштирди, оркестрга эса таниқли дирижёр Вячеслав Чернуҳо-Волич раҳбарлик қилди. Асарда Машҳур солистлар Латифа Абиева (Виолета), Рамиз Усмонов (Алфредо), Раҳим Мирзакамалов (Жоржо Жермон) ва бошқа ўзбек солистлари муваффақиятли чиқиш қилдилар. Томошабинлар уларнинг ижросини катта олқишлар билан қарши олди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа давлатлардан фестивалга асосан машҳур солистлар таклиф этилган бўлса, Ўзбекистон театри тўлиқ жамоа билан қатнашди. Бу нафақат Ўзбекистон санъати, балки бутун Марказий Осиё маданият ҳаёти учун тарихий воқеа бўлди.
Фестиваль давомида қадимий Аспендос театрининг 13 минг ўринли залида 8000 га яқин томошабин спектакллардан баҳраманд бўлди. Айниқса, “Травиата”нинг Ўзбекистон жамоаси ижросидаги тақдимоти санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олди.
Шу тариқа, Алишер Навоий номидаги катта театр илк бор нуфузли Аспендос фестивалида қатнашиб, дунё миқёсидаги энг йирик опера ва балет майдонларидан бирида ўзбек санъатини муносиб намойиш этди. Бу гастроль Ўзбекистон маданиятининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлади.


