Трансфер бозоридаги миш-мишлар футбол оламини ҳаяжонлантиришда давом этмоқда. 25 январь, шанба куни янги трансферлар юз берди ва кимдир клубни ўзгартиришга имкон қадар яқинлашди.
Уокер "Милан"да
Уокер расман "Милан" футболчисига айланди. Италия клуби "Манчестер Сити"нинг ўнг қанот ҳимоячисини 5 миллион еврога сотиб олиш имконияти билан мавсум охиригача ижарага олди. Жорий мавсумда Кайл барча турнирларда 18 та ўйин ўтказди ва самарали ҳаракатларни амалга оширмади. "Марса" хабарига кўра, Уокерни "Реал Мадрид"га олти ойга ижарага беришни таклиф қилишган, аммо мадридликлар қишки ойнада ўнг қанот ҳимояси учун фақат битта трансферни амалга оширишга - "Ливерпул"дан Трент Александер-Арнолдни қўлга киритишга тайёрлигини билдиришган.
Антони масаласи ҳал бўлди
"Манчестер Юнайтед" ва "Бетис" Антони масаласида келишиб олишди. Испания клуби бразилиялик футболчини ижарага олганини расман эълон қилди. 24 ёшли вингер жамоада 2025 йилнинг ёзига қадар ўйнайди. Жорий мавсумда Антони барча турнирларда 14 та ўйин ўтказиб, атиги битта гол урган. Аввалроқ "Тҳе Атҳлетис" нашри "Бетис" Антони маошининг 84 фоизини қоплайди, деб хабар қилган эди. Бундан ташқари, у шартномада кўрсатилган бонусларни тўлашни ўз зиммасига олади. Қайд этилишича, бразилиялик ҳафтасига 105 минг фунт олади. Келишув "Манчестер Юнайтед"нинг мавсумнинг қолган қисмидаги харажатларини тахминан 1,5 миллион фунтга қисқартиради.
Гарначо қайси жамоага ўтади?
"Манчестер Юнайтед" вингери Алехандро Гарначонинг келажаги ҳақида хабарлар пайдо бўлишда давом этмоқда. Инсайдер Флориан Плеттенбергнинг сўзларига кўра, манкунианликлар аргентиналик футболчини "Челси" ҳужумчиси Кристофер Нкункуга алмаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ, томонлар ҳали якуний қарорга келишмаган. Олдинроқ Гарначо "Челси"га ўтишга тайёрлиги ва "Манчестер Юнайтед" вингер учун 70 миллион евро талаб қилаётгани маълум бўлганди. Жорий мавсумда Алехандро 33 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Нкунку эса 28 та ўйинда 13+4 натижа қайд этган.
Немис жамоасидан муҳим таклиф
"Рома" марказий ҳимоячиси Марио Эрмосо жамоага келганидан атиги тўрт ярим ой ўтиб Рим клубини тарк этиши мумкин. Журналист Маттео Моретто хабарига кўра, "Байер" 29 ёшли футболчининг трансфери бўйича музокаралар олиб бормоқда. Испаниялик футболчи учун Леверкузендан ташқари Дортмунднинг "Боруссия"си ва "Марсел" ҳам давогарлик қилмоқда. Футболчи атрофидаги тафсилотлар ошкор этилмаган. Эрмосо "Рома"га сентябрь ойи бошида эркин агент сифатида ўтган эди. Ёзда у "Атлетико"ни тарк этган. Марио 2027 йилнинг июлигача шартнома имзолади, бироқ янги мавсумда у римликлар сафида барча турнирларда бор йўғи 13 та ўйинда майдонга тушди. Эрмосо январь ойида Испания чемпионатига қайтишга тайёр эди, аммо Германияга йўл оладиган кўринади.
Салоҳ трансфери ҳал бўлмоқда
Муҳаммад Салоҳ келаси ёзда шартномаси тугагач, "Ливерпул"дан кетишга яқин турибди. Инсайдер Николо Скиранинг сўзларига кўра, "Ал-Ҳилол" мисрлик учун катта таклиф тайёрлаб қўйган. Қанот ҳужумчисининг мумкин бўлган маоши эълон қилинмаган, аммо шартнома 2027/2028 йилги мавсум якунига қадар тузилиши мумкинлиги маълум. Клуб президенти Фаҳад бин Нафел ва Саад Ал-Лазиз (Саудия Профессионал футбол лигаси вице-президенти) Муҳаммад Салоҳ билан шартнома имзолашни якунлаш учун ҳозирда Лондонда бўлиб турибди.


