АҚШнинг Калифорния штати суд ҳайъати Google компаниясини Android фойдаланувчиларнинг розилигисиз уларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний тарзда йиғганлик айблови бўйича 314 миллион доллар тўлашга мажбур қилди. Бу ҳақда Блоомберг хабар берди.
Даъвогарларга кўра, Google'нинг бош компанияси Alphabet Inc Android қурилмаларини ҳатто Wi-Fi тармоғига уланмаган ҳолатда ҳам маълумотларни ўз серверларига узатишга созлаган. Шу орқали фойдаланувчиларнинг пулли мобил интернет трафикларидан фойдаланилган ва бу маълумотлар компания томонидан мақсадли рекламаларни кучайтириш ҳамда хариталаш хизматларини ривожлантиришда ишлатилган.
Бу ҳолат Google'нинг махфийлик сиёсатига оид сўнгги суд ишларидан биридир.
Google вакили суд қарорига рози эмасликларини билдириб, апелляция шикояти киритилишини маълум қилди. Унга кўра, Андроид фойдаланувчилари қурилма созламалари ва хизмат кўрсатиш шартларини қабул қилиш орқали маълумот алмашишга розилик билдирган бўлади.
Калифорния аҳолиси номидан берилган жамоавий даъво 2019 йилда Санта Клара Олий судига киритилган. Шу билан бирга, бутун АҚШ бўйлаб Андроид фойдаланувчилари иштирокида яна бир федерал иш кўриб чиқилмоқда. Унга оид суд жараёни 2026 йил бошига белгиланган.


