АҚШ расмийлари Россия фуқароси Сергей Черкасовни Россия разведкасида ишлаганликда, шунингдек, виза, банк ва электрон фирибгарликда айблади. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.
Россиялик ҳозирда Бразилияда қамоқда. вазирлик маълумотларига кўра, Черкасов 2012 йилда Бразилияда Россия агенти сифатида иш бошлаган. 2018 йилда бразилиялик Виктор Мюллер Феррейра номи билан Қўшма Штатларга кўчиб ўтди ва у ерда Колумбия округидаги университетлардан бирига ўқишга кирди. Терговчиларнинг фикрича, россиялик томонидан Америка Қўшма Штатлари визасини олиш ва Бразилия номи билан банк ҳисобларини очиш каби фирибгарлик ҳолатлари содир этилган.
Қўшма Штатларда у айрим одамлар билан алоқалар ўрнатган ва Америка фуқаролари ҳақидаги маълумотларни Россия разведкасига узатган. Ўқишни тамомлагандан сўнг, 2020 йилнинг баҳорида Черкасов Қўшма Штатларни тарк этди, аммо давлатнинг ташқи сиёсати ҳақида маълумот олиш учун мавжуд алоқаларни давом эттирди, дея таъкидлайди Адлия вазирлиги.
2022 йил июнь ойида Нидерландия расмийлари Россия ҳарбий разведкаси ўз жосусини Халқаро жиноий судга киритишга урингани ҳақида гапириб, уни Сергей Черкасов деб атаган эди. Черкасов ХЖСда стажировкадан ўтган, бироқ АИВД разведка хизмати томонидан фош қилинган ва Амстердамга етиб келганида ҳибсга олинган. Эркак Бразилияга жўнатилган ва у ерда фирибгарликда айбланиб, ҳибсга олинган.
АИВД маълумотларига кўра, фош этилган россиялик жосус 24 февралдаги ҳужумдан кейин Россия томонидан Украинада содир этилган эҳтимолий ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган ХЖСга катта зарар етказиши мумкин.


