АҚШ Ички хавфсизлик департаменти (Department of Homeland Security — DHS) томонидан юритиладиган онлайн маълумотлар базасига “энг ёмон жиноятчиларнинг энг ёмони” тоифасида тўққиз нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси киритилди.
Мазкур маълумотлар базаси DHS таркибига кирувчи Иммиграция ва божхона назорати хизмати Immigration and Customs Enforcement — ICE) томонидан юритилади ҳамда АҚШ ҳудудида турли жиноятлар содир этганликда айбланиб, ҳибсга олинган энг хавфли хорижий фуқаролар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Ушбу тизим ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва депортация қилиш жараёнларида қўлланилади.
Қайд этилишича, рўйхатга киритилган тўққиз нафар Ўзбекистон фуқароси тажовуз, жинсий тажовуз, ўғирлик, гиёҳванд моддалар савдоси, жумладан кокаин савдоси, зўрлаш ҳамда бошқа оғир жиноятларда айбланмоқда.
Маълумотлар базасидаги шахсларнинг аксарияти Лотин Америкаси давлатлари фуқаролари бўлиб, ушбу минтақа АҚШга ноқонуний миграция оқими юқори бўлган ҳудудлар қаторига киради. Жумладан, рўйхатда минглаб Мексика фуқаролари ҳам мавжуд.


