Кеча, 28 январь куни маҳаллий вақт билан соат 22:33 да Озарбайжоннинг «Azal» авиакомпаниясининг самолёти Урганчга келиб қўнди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар бермоқда.
Бортида 99 нафар йўловчиси бўлган Airbus А319 самолёти анъанага кўра тантанали равишда кутиб олинган. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Урганч Озарбайжон авиаташувчиси парвоз қила бошлаган Ўзбекистондаги тўртинчи шаҳар бўлди. Бокудан Тошкентга рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилади. Бокудан Самарқандга — сешанба ва пайшанба кунлари. Бокудан Фарғонага — пайшанба кунлари.
1992 йилда ташкил этилган Озарбайжон Ҳаво Йўллари (Azal) авиакомпанияси йирик авиаташувчи бўлиб, Boeing ва Airbus самолётларининг замонавий паркига эга бўлган МДҲ мамлакатлари авиация ҳамжамиятидаги етакчилардан бири ҳисобланади.


