Икки давлатнинг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш истагидан келиб чиқиб, Қатар ва БАА дипломатик муносабатлар қайта тиклангани ҳақида эълон қилди.
Қатарнинг Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги консуллиги ҳамда Доҳадаги БАА элчихонаси қайта очилган.
2017 йилнинг ёзида Баҳрайн, Яман, Ливия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Миср Доҳа билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилганди. Бу қарорга асосий сабаб Қатарнинг беқарорлаштирувчи роли ва экстремистларни қўллаб-қувватлаши билан изоҳланади. Доҳада бу айбловлар асоссиз деб аталган.
2021 йил бошида Араб монархиялари ва Миср Саудиянинг Эл-Уля шаҳрида Қатар билан барча келишмовчиликларга барҳам бериш, у билан тўлиқ муносабатларни тиклаш ва транспорт блокадасини олиб ташлаш тўғрисида келишув имзолаганди. Бироқ барча давлатлар билан алоқалар тикланмади.
Март ойи бошида Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича келишув имзолаганди. Кейинроқ Пекинда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд ва Эрон дипломатияси раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиан етти йил ичида биринчи марта учрашди.


