Хабарингиз бор, 8 март куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Исроил Мадримов WBA чемпионлик камари учун россиялик Магомед Курбановга қарши рингга чиқди. 12 раунд этиб белгиланган чемпионлик жанги бор йўғи беш раунд давом этди. Ҳамюртимиз россиялик рақибини 5-раундда техник нокаут орқали таслим этиб, WBA йўналишида вакант бўлиб турган чемпионлик камарини қўлга киритди. Аҳамиятлиси, Мадримов шу куни профессионал карьерасидаги ўн биринчи жангида ўнинчи ғалабасини нишонлади, унинг ҳисобида битта дуранг ҳам бор. Россиялик Магомед Курбанов эса фаолиятидаги илк мағлубиятини ўзбек ўғлонидан қабул қилиб олди. У шу кунга қадар 25 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган эди.

Исроил Мадримов: Аслини олганда бу камар учун икки йил аввал даъвогарга айланган эдим. Маълум сабабларга кўра, бу бироз чўзилди. Лекин бундан хафа эмасман. Чунки, Аллоҳим ҳамма нарсани ўз вақтида чиройли қилиб беради бизга. Худди ҳозиргидек. Тайёргарлик ҳақида гапирсам у жуда катта бўлди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён мазкур жанги тайёргарлик кўриб келаман. Чунки, жанг муддати аниқ эмас эди. Оҳирги 10 кунликда бу аниқ бўлди.
— Жанг ҳақида нима дея оласиз?
— Жанг режа бўйича кетаётган эди. 12 раундга мўлжаллангани боис биз кучимизни 12 раундга тақсимлагандик. Лекин, омадим келиб 5 чи раунддаёқ техник нокаут қайд этим. Ва бундан жуда хурсандман. Чунки, чемпионлик жангида накаут билан ғалаба қозониш спортчига бошқача кайфият беради.
— Эндиги мақсад қандай?
— Камарни биттасини қўлга киритдим. Бизда қўлга киритилмаган яна 3 та камар бор. Мақсадим ана шу 4 та камарни бирлаштириш.
— Бунинг учун сизга қанча вақт керак бўлади?
— Мен жангларга тайёрман. Промоутерларим ва мураббийларим камар эгалар билан жанг ташкил қилиб беришса ҳозир ҳам уришишга тўлиқ тайёрман. Руҳий ҳолатим ҳам жисмоний ҳолатим ҳам яхши. Бу йўлда рақиблар Теренс Кроуфорд, Жермелл Чарло, Тим Цзю бўладими, бунинг умуман аҳамияти йўқ.

— Бу галги жангда бурчакда мураббий ўрнига боксчимиз Муроджон Аҳмадалиевни кўрдик.
Арена олдида, ринг ёнида қанча кўп яқинларимиз бўлса, биз бундан шунча куч оламиз. Муроджон Аҳмадалиевни секундант бўлиши ҳам менга куч ва ишонч берди. У мени яқин дўстим. Бироқ шу куни узстозим ўрнида устозлик қилди. У берган кўрсатмаларни имкон даражасида кўнгилдагидек бажаришга ҳаракат қилдим. Чунки, Муроджонда катта тажриба бор. Мандан анча олдин бир эмас, иккита чемпионлик камарларини Ўзбекистонга олиб келган биринчи боксчи у. Табиийки, бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шу боис мен унга тўлиқ ишониб кўрсатмаларига қулоқ тутдим.
— Кам жанг билан чемпионликка эришган боксчилардан бирисиз.
— Кам жангдан чемпионлик камарига эришиш осон бўлмади. Чунки, биз бошлаган йўл тавваккаллик билан бошланган йўл эди. Биз кўпроқ таваккал қилдик. Лекин бу жуда оғир йўл. Мен бошқаларга буни маслаҳат бермаган бўлардим. Чунки, агар сиз жангларда ютқизсангиз рейтингдан пастга тушиб кетасиз ва чемпионликка эришиш сиз учун шунча қийин бўлади. Бази спортчилар учун бокс тугади дегани бу. Мени ҳар бир рақибим катта тажрибага эга ва рейтингда юқори ўринларда турган спортчилар эди. Уларни устидан ғалабага эришиш осон бўлмаган. Мен профессионал карьерамни ўзи 10 раундлик жанг билан бошлаганман. Шу боис ҳам мен чемпионликка 11 та жангдаяоқ эришдим. Аслини олганда чемпионлик жангги учун боксчи камида 20 та жанг ўтказган бўлиши керак.
— Автомобил сизга ёқдими?

Жудаям ёқди. Давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътибор ва бу каби рағбатлантиришлардан бошим осмонга етди. Улар биз спортчиларни ҳамма вақт қўллаб-қувватлаб келганлар. Ғалабадан кейин ҳар доим мукофотни қабул қилиб олишимиз бизга янада катта куч ва албатта мотивация беради. Биз ҳам бу ишончни оқлаш учун тинимсиз ҳаракатдамиз.
— Билишимизча, ушбу ғалабадан сўнг ўз оилангиз билан Умра зиёратини ҳам амалга оширдингиз.
Жанг вақтида Ота-онам умра сафарида эдилар. Улардан мен чемпион бўлишимни сўраб дуо қилишларини илтимос қилгандим. Аллоҳимга шукур бу ниятимиз амалга ошди. Ғалабадан кейин эса биз ҳам укам билан Маккага ота-онамни олдига бориб муқаддас даргоҳни зиёрат қилдик. Рамазон ойида оиламиз билан бирга умра сафарини адо этдик. Бу мени орзум эди. Жудаям хурсандман.

Маълумот учун: WBC, WBA, IBF ва WBO йўналишидаги барча боксчилар кўшиб ҳисобланганида Исроил Мадримов ғалабадан кейин 70 кг вазнда жаҳон рейтингида 2-ўринга кўтарилиб олди. Бу вазнда 24 707 боксчи ҳисобга олинган. Ўзбек ўғлонининг натижаси эса мақтанишга арзигулик шундай эмасми?!
Учқун Намозов суҳбатлашди


