Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қуриб битказиш жараёни бошқа давлатларга нисбатан секин кечмоқда. Бу ҳақда 26 январь куни Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда Урбанизация ва уй-жой бозорини ривожлантириш қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев маълум қилди.
Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мулоқотда ҳукумат ва бизнес вакиллари соҳадаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимларини муҳокама қилган. Кудбиевнинг айтишича, Ўзбекистонда бир кўп қаватли уйни қуриш ўртача уч йил вақт олади. Бошқа давлатларда эса бу жараён 1 йил 8 ойда якунланади.
“Бизда нега уй қурилишига уч йил кетади? Муаммо ердами, қурилиш материалларидами ёки бюрократиядами? Тартибларни соддалаштириб, қурилиш муддатини қисқартирмоқчимиз. Бунинг учун ерни қурилишга тайёр ҳолда сотиш механизми жорий этилади. Қаерда, қачон ва нечта уй қурилиши, вақтида битмаса жавобгарлик кимда бўлиши, электрга белгиланган муддатда уланмаса қандай чора кўрилиши аниқ белгиланади”, деди қўмита раиси.
Учрашувда айрим тадбиркорлар қурилиш қонун-қоидаларига амал қилмаётгани ҳам танқид қилинди. Жумладан, рухсат этилган қаватдан ортиқ қават қуриш ёки қишлоқ хўжалиги ерларида бино барпо этиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди. Тартибсиз қурилишлар келажакда шаҳарларда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланди.
Кудбиев “15 дақиқалик шаҳар” концепциясига ҳам тўхталиб, фуқаролар уйидан чиқиб 15 дақиқа ичида ишхона, парк, бозор ёки поликлиникага етиб бориши мумкин бўлган инфратузилма яратиш зарурлигини билдирди. Акс ҳолда, транспорт тирбандликлари ва инфратузилма юкламаси кескин ошиши мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишдаги қоидабузарликлар ҳам тилга олинди. Амалдаги талабларга кўра, бир гектар майдоннинг 33 фоизида қурилиш олиб борилиши, камида 25 фоизи эса яшил ҳудуд бўлиши лозим. Бироқ айрим ҳолларда яшил ҳудудлар 12 фоизгача қисқараётгани айтилди.
Маълумот учун, шаҳарсозлик нормаларига кўра, турар жой ҳудудлари аҳоли сони ва бинолар қаватига қараб белгиланади. Масалан, баланд қаватли уйлар учун ҳар минг киши ҳисобига 7 гектар, якка тартибдаги уйларда эса 20–25 гектар ер ажратилиши керак. Турар жой ҳудудларида яшил майдонлар улуши камида 25 фоиз бўлиши тавсия этилади. Тошкент шаҳрида эса ҳар 100 квадрат метр бино майдонига камида битта дарахт ва иккита бута экилиши шарт.
Қонунчиликка кўра, тасдиқланган бош режага зид равишда қурилиш олиб бориш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 135 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуриб битказилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 100 мингни ташкил этган. Ўтган йил якунида қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 55 мингдан ошиб, бир йил аввалгига нисбатан 12 фоизга кўпайган.


