Ижтимоий тармоқларда кўчага ташлаб кетилган чақалоқ суратлари тарқалди. Ҳолат юзасидан Бухоро ИИБ батафсил маълумот берди.
Маълум қилинишича, 8 август куни соат 01:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ баталони туманлараро бўлинмаси сафдор ходими Шаҳзод Саидов ҳамда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори катта лейтенант Ҳабиб Абдураҳмоновлар ўзларига бириктирилган ҳудудда хизмат олиб бораётганларида туман Марказий касалхонаси яқинида чақалоқ йиғисини эшитиб қолишади.
Натижада яқин атроф кўздан кечирилганида девор ёнида яшил рангли пакет ичида ўғил бола жинсига мансуб, тахминан 3-5 кунлик соғлом ҳолатдаги чақалоқ борлиги аниқланган.
Шу пайтнинг ўзида чақалоқ ички ишлар органлари ходимлари томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси Болалар бўлимига ётқизилиб, зарурий биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва соҳа мутахассислари назоратига олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу чақалоқ 4 август куни яшаш хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз соат тахминан 08:00 лар атрофида дунёга келтирилган ва 7 август куни соат 21:00 атрофида 1995 йилда туғилган онаси томонидан ташлаб кетилгани аниқланган.


