1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Таълим

“Домланинг қизи” эканимдан фахрланаман!

Шу боис ҳам ўқитувчига зарра озор етса, дадамга озор етгандек ғазабланаман.

“Домланинг қизи” эканимдан фахрланаман!

 

Домланинг қизи!”

Бу атама менга ёшлигимдан мерос. Чунки қишлоқдаги ёши кексалар: “сен кимни қизисан”, деса “домланинг қизиман” дея ўзимни таништирардим. Ўқитувчилик касбининг заҳматини ҳис этиб улғайганим учунми УСТОЗ мақомига зарра озор етса, салкам 40 йил қишнинг қаҳратони, ёзнинг саратонида ҳам уч қишлоқ нарига велосипедда қатнаб, ҳалол меҳнат қилган қишлоқнинг чапани инсони — дадажоним кўз ўнгимда гавдаланади. Ўқитувчилик касби нақадар улуғлигини дадамни тез-тез йўқлаб келадиган, бундан 30 йил аввал мактабни тамомлаган ўқувчилари нигоҳидан ҳис этаман... Шу боис ҳам ҳар доим “домланинг қизи” эканимдан фахрланаман.

 

Бугун таълимни ривожлантириш ва педагогларнинг нуфузини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўқитувчи мақоми юксалди. Уларнинг меҳнати рағбатлантиляпти. Аслида, заҳматли вп машаққатли касбни эгаллаган инсонларга мана шу озгина эътиборнинг ўзи кифоя. Аммо Андижонда рўй берган ўқитувчиларнинг қаддини букаётган, қадрсизлантираётган ҳолатлар барҳам топмаяпти. Сўралган узрлар уларнинг яраланган қалбига малҳам бўла олармикан?   

 

Болага таълим-тарбия бериш осон эмас. Айниқса, болани телефон улғайтираётган ҳозирги даврда. Унинг шарафли бурчи ҳақида баландпарвоз гаплар гапирамиз. Лекин у учун энг оддий шароитларни яратиб бера олмаймиз. Кези келса, фарзандимизга берадиган тарбияни улар беришади.

 

Ўқитувчи улуғланаётган даврда яшаяпмиз

 

 

 Исроил Тиллабоев, Республика таълим маркази директори ўринбосари:

— Андижонда юз берган воқеа, менимча, бу ерда аниқ ваколат ва масъуллик бўйича қизил чизиқни қўйиш вақти келганини билдирди Яъни ҳокимликлар таълим бўйича қайси чегарагача жавоб беради-ю, Халқ таълими вазирлиги нималарга жавоб беради. Ҳар икки томон ҳам бир-бирининг ишига аралашмайдиган аниқ мезонни кўрсатиши керак. Дейлик, ҳокимиятлар мактабларнинг стандартда талаб этилган бўйича моддий-техник базасига боши билан масъул экани Президенти томонидан айтилди. Демак, қолган таълим мазмунига аралашишга ҳокимият органининг ҳақи йўқ. Ундан кейинги ҳар қандай аралашув таълимнинг зиёнига хизмат қилади. Ўқитувчиларнинг ишдан безишига сабаб бўлади. Таълим мазмунига эса Халқ таълими вазирлиги жавоб беради. Ҳар икки томон ўз функциясини аъло даражада бажарса, Ўзбекистон таълим тизими юксалади! Фақат шундагина ислоҳот самарасини кўриш мумкин.

 

Вазирнинг гапларидан куч олдим

 

 

Нигора Таджибаева, Бектемир туманидаги 293-мактаб директори:

— Куни кеча Андижонда ўқитувчиларга нисбатан бўлган қўпол муносабат ва ёқимсиз ҳолат ҳаммамизнинг юрагимизни ларзага солди. Кўнглимизга маҳзунлик чўкди. Чуқур ўйладим: мана шу ўқитувчиларни мулзам қилиб, узр сўрашга мажбулаган одамни ҳам ўқитувчи ўқитганку? Мана шу даражага етишишида устознинг ҳам ўрни борку? Ҳамма хато қилади. Туман ҳокими ҳам хатосини англаб етди. Халқ таълими вазирининг воқеага фикр билдириб: Ўқитувчини бундай ҳолатга тушишида, уларни ҳафа бўлишига йўл қўймайман. Мен ўқитувчини ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қиламан”, деган гаплари мени руҳлантирди. Тушкунлик кайфиятидан қутқарди.

 

Биз ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялашда имкон борича ҳаракат қиламиз. Президентимиз бизни қўллаб-қувватлаёб, ишонч билдиряптилар. Биз мана шу ишончни оқлашимиз керак!. Касбимизни ҳеч қачон, ҳеч ким камситиши керак эмас.   

 

Хулоса ўрнида

Йиллар давомида таълим тизими ходимларининг турли хил тозалаш, дала ишларида дастёрга айлантирилгани уларнинг иш сифатига салбий таъсир кўрсатиб келди. Президент томонидан мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, жойлардаги айрим мансабдор эски тизимдан чиқолмаяпти. Бу каби ишларга тўлиқ барҳам берилмас экан, ўқитувчининг мақоми юксалмайди. Узрвозликдан чўчиб юраверади.

           

 Баҳринисо Мадумарова

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика