Болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди. Бу ҳақда Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида Президент фармони имзоланди.
Бунга қадар Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмига кўра аёлларнинг болани парваришлаш таътилидаги вақти меҳнат стажига қўшиларди, бироқ ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил қўшиларди, холос.
Масалан, аёл ходим пенсия ёшига тўлгунга қадар 4 нафар фарзанд кўрди ва уларнинг ҳар бирини парваришлаш учун жами 8 йил (ҳар бир бола учун ўртача 2 йилдан) таътил олди.
Аввалги тартибга кўра, мана шу 8 йилнинг бор-йўғи 3 йили мутахассислиги бўйича, шунингдек пенсияни ҳисоблашдаги иш стажи сифатида қабул қилинар эди. Қолган 5 йили стажга ўтмасди. Янги қонунда мана шу 3 йиллик муддат 6 йил этиб белгиланди.


