Ўзбекистонда «UzBus» мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу мобил илова орқали фойдаланувчилар «Тошкент» автовокзалидан амалга оширилаётган шаҳарлараро автобус қатновларига чипталарни электрон тарзда харид қилишлари мумкин.
Шунингдек, йўловчилар шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги қатновлар жадвали билан реал вақт режимида танишиш имкониятига эга. «UzBus» мобил иловаси орқали ҳозирда Бухоро – Тошкент йўналишидаги автобус қатновларига ҳам чипталарни электрон шаклда сотиб олиш мумкин.
Босқичма-босқич равишда барча вилоятлардан Тошкент шаҳрига бажарилувчи қатновларга чипталарни ушбу мобил илова ёрдамида электрон харид қилиш имконияти яратилади.


