1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. энг долзарб

ФВВ огоҳлантириш билан чиқди

Статистик маълумотларга кўра, об-ҳаво кескин совиган кунларда содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолати билан боғлиқ.

ФВВ огоҳлантириш билан чиқди

 

Олиб борилган таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўп квартирали уйлардаги хонадонларни иситишда газ плитасидан фойдаланишда, аҳоли хонадонларида эса печлар мўриларининг ўз вақтида тозаланмаслиги, тутун йўллари ва форточкаларнинг ёпиб қўйилиши, чет элларда ишлаб чиқарилган иситиш печлари, ностандарт ва қўлбола иситиш воситаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида, уйни иситишда очиқ ҳолдаги кўмир ва ўтин чўғларидан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин.


Бундан ташқари, ис газидан органик моддалар (асетон, метил спирт, фенол ва бошқалар)ни синтез қилувчи корхоналарда, шамоллаш тизими ёмон бўлган машина турар жойларида, янги бўялган хоналарда ҳам заҳарланиш мумкин.
Маълумки, хонадонларда фойдаланилаётган табиий газнинг асосий қисми метандан иборат. Табиий газ арзон, сақлаш учун жой талаб қилмайдиган ва чиқиндисиз ёнадиган қулай ёқилғидир. Таъбири жоиз бўлса, табиий газ ёнганда 8000-8500 ккал иссиқлик энергияси ажралиб чиқади.


Шу ўринда табиий газдан заҳарланишга ҳам тўхталиб ўтамиз. Метан (маиший эҳтиёжлар учун ишлатиладиган газ) рангсиз ва ҳидсиз – бўлганлиги учун у билан ҳам заҳарланаётганлигини инсонлар сезмайди, қайсики газ аралашган хаводан нафас олиш жараёнида соғлиқдаги ўзгаришлар, унинг ёмонлашишини дарҳол тушуниш деярли мумкин эмас. Табиий газга ўзига хос ҳидга эга бўлган бошқа турдаги газлар аралаштирилади. Шунга қарамай, маиший газ билан заҳарланишлар ҳам содир бўлади - бунинг сабаби иситиш печлари ёки газ плитасидан газнинг сизиб чиқишидир.


Метан газнинг организмга таъсири унинг ҳаводаги миқдори 20 фоиз атрофида бўлганида содир бўлади. Нафас олиш пайтида газ қонга ўтади, кислород ўрнини босади ва қон орқали ташилади. Натижада, кучли кислород очлиги пайдо бўлади. Марказий асаб тизими таъсирланиб, инсонда бўғилиш вужудга келади. Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаси ўлим ҳолатига олиб келади.


Яна бир хавф - табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик жуда аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки метаннинг маълум бир ҳажмдаги ҳаво билан аралашмаси портлаш (чақнаш)га сабаб бўлади. Ҳусусан, ўчоқ, иситиш печлари, хона ва биноларнинг ичида табиий газ ҳаво таркибида 5 фоиз дан 15 фоиз гача бўлган миқдорда тўпланиб қолса, кучли портлаш хавфи пайдо бўлади.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак?

 

Демак, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун аввало иситиш таъминотларини яъни, печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларнинг тозалигини текшириб чиқиш зарур. Носоз, ностандарт, қўлбола иситиш мосламаларидан, сифациз ва техник кўрикдан ўтмаган газ баллонларидан фойдаланишга йўл қўймаслик керак. Болаларни, имконияти чекланган ва маст кишиларни назорациз қолдирмаслик, уларнинг газ ва электр мосламаларидан, очиқ оловдан фойдаланишларига йўл қўймаслик, шунингдек, табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, газ сўрғичлардан фойдаланмаслик, чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина, шу йўриқномага риоя қилган ҳолда фойдаланиш лозим.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин! Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипокцияга, оғир ҳолатларда эса анокцияга олиб келиши мумкин.
Ис гази билан заҳарланган организмда углерод ва оқсил алмашинуви бузилади, натижада асидоз аломатлари юзага келади. Қон таркибида калий ва калъсий мувозанати ҳамда марказий нерв системаси фаолияти бузилиши ва шу тариқа инсон ҳаётдан бевақт кўз юмиши мумкин.

 

Биринчи ёрдам кўрсатиш.


Ис газидан заҳарланган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун аввало, заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Қийин нафас олаётган ёки нафас олиш тўхтаб қолган бўлса, бемор мустақил нафас олгунга қадар сунъий нафас олдириш керак. Баданни ишқалаш, оёқларга грелка қўйиш заҳарланиш оқибатларини тезроқ тугатишга имкон беради. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатиб, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш мақсадга мувофиқ.
Ис газидан заҳарланиб қолган кишилар албатта шифохонага ётқизилиши керак, чунки бирмунча кейинроқ ўпка ва асаб тизими томонидан оғир асоратлар вужудга келиши мумкин. Касалхонадан чиққандан сўнг беморлар терапевт ва невропатолог кузатувида бўлиши шарт.
Газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чоралари:

 

газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин нефт маҳсулотлари ва бошқалар) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этинг;
ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланманг;
иситиш печлари дудбуронларининг тоза ва соз ҳолатда бўлишини таъминланг;
газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кирманг;
ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталаридан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;
хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланманг;
ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларнинн очиқ ва ишчи ҳолатда бўлишини таъминланг.
Хонадонларга газни аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Бу кутилмаганда ис гази ва табиий газ сизиб чиқиш ҳолатларини дарҳол аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини беради.
Газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдирмаслик лозим.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика