Айни дақиқаларда ўтказилаётган Сенатнинг ялпи мажлисида “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.
Амалдаги Жиноят кодексида белгиланган энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги бундай жиноят содир этиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан бугунги кунда тегишли чоралар кўриш имкониятини бермаяпти.
Шу сабабли энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик, бу борадаги ваколатли органларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати вужудга келганлиги алоҳида қайд этилди.
"Бугунги кунда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали уларни аҳолига янада ишончли, барқарор ва етарлича етказиб берилишини таъминлаш ҳамда тизимда турли талон-торожликнинг олдини олишда бундай қонунларга эҳтиёж катта.
Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш – ўғирлик, деб белгиланмоқда.
Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳаққи. Шундай экан уларни талон-тарож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баб-баравар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади", — дея маълум қилди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


