Нидерландия қироллик армиясининг 21 ёшли аскари Германиянинг Гарделеген шаҳрида ўтаётган НАТО машғулотлари чоғида ҳалок бўлди. “Бастион Лион” номли машқ доирасида Германия ва Нидерландиядан 3 500 га яқин аскар иштирок этмоқда. Машғулотнинг асосий мақсади НАТОнинг шарқий чегараларини ҳимоя қилиш бўйича тайёргарлик кўришдир.
Машғулотларда 1 800 дан ортиқ ҳарбий техника ва 200 га яқин дронлардан фойдаланилган. Аммо бахтсиз ҳодисадан сўнг машғулотлар зудлик билан тўхтатилди. Ҳозирча ҳодиса тафсилотлари ошкор қилинмаган. Бригада генерали Герт-Ян Куй марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, “Ҳозир бир-биримизни қўллаб-қувватлаш муҳим”, дея таъкидлади.
Воқеа юзасидан Саксония-Анхалт полицияси тергов бошлаб юборди. Терговга Германия ҳарбий полицияси ва Голландия жандармерияси ҳам жалб этилган. Ҳодиса НАТО машғулотларидаги хавфсизлик чораларини яна бир бор муҳокамага олиб чиқиши кутилмоқда.


