Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги Гулбоғ маҳалласига тахминан ўн йиллар илгари борганман. У пайтлар маҳалла Тошкент вилояти таркибида эди, шаҳар билан туташ бўлса-да, фарқ катта: эски ва таъмирталаб ҳовлилар, чанг кўчалар, умидсизликка тушган одамлар, қўйингки, қаровсиз жой сифатида хотирамда қолган.
Гулбоғликларнинг айтишича, салкам ярим асрдан бери маҳаллада тоза ичимлик суви йўқ. Биз чекка-чекка ҳудудларнинг ҳам замонавий шаҳарларга монанд қиёфа касб этаётганига, тоза ичимлик суви билан таъминланаётганига, ҳовлию кўчалар обод, одамлар ҳаёти ижобий томонга ўзгараётганига кўникиб бораётган бир пайтда Тошкент шаҳри таркибига кирган маҳалла аҳлининг ҳануз ер ости сувидан фойдаланиши чиндан ачинарли. Маҳалла энди-энди ободликка юз тута бошлапти: Гулбоғда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
“Маҳалламизда катта ўзгаришлар бўляпти. Биз яшайдиган Нафосат кўчаси асфальт қилинди, электр сими учун янги устунлар ўрнатилди. Бизни қувонтиргани, тоза ичимлик сувининг келиши бўлди. Маҳаллага кўчиб келганимизга салкам эллик йил бўлди. Шунча вақтдан бери ер ости сувидан ичиб келдик”, — дейди Хосият Орзиқулова.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида танлаб олинган маҳаллалар қаторида Бектемир туманидаги Гулбоғ маҳалласида ҳам Республика ишчи гуруҳи, Халқ қабулхоналари, соҳавий ташкилотлар вакиллари, Тошкент шаҳри ва Бектемир тумани сектор раҳбарлари, аъзолари, маҳалладаги “бешлик”дан ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан хонадонбай юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари бошланди.
Гулбоғда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. 1 354 нафар (66%) қозоқ, 597 нафар (29%) ўзбек, 76 нафар (0,03%) корейс, 11 нафар (0,001%) татар миллатига мансуб аҳоли бор.
“Бектемир туманига қўшилган янги маҳаллалардан бири Гулбоғ бўлиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 12,9 километр қувур тортилиши белгиланган. Бунинг учун давлат бюджетидан 8,9 миллиард сўм йўналтирилган. Бугунги кунгача 12,6 километр узунликда қувур тортилди. Ишлар август ойи сўнггида якунига етади, натижада ер ости сувида фойдаланиб келган 500 дан ортиқ хонадонга тоза ичимлик суви кириб боради”, — дейди туман сув тармоқлари бўлими бошлиғи Равшан Жабборов.
Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан хонадонлар уйма-уй юриб ўрганилди, натижада фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам, бандлик, субсидия, кредит, уй-жойни таъмирлаш ва бошқа масалалар бўйича муаммолари аниқланиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 22 фуқаро ишга жойлаштирилди, 15 фуқаронинг ўзини-ўзи банд қилиши учун чора-тадбирлар кўрилди, 9 фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 3 фуқарога эса тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун субсидия асосида маиший техника олиб берилди. 50 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Бундан ташқари, оғир турмуш шароитида яшовчи 48 фуқаро хонадонида таъмирлаш ишлари белгиланиб, ҳозирда 24 хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.


