Баъзи америкалик ҳарбий амалдорлар ва АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятидаги амалдорлар Украинанинг Россия томонидан аннекция қилинган Қримга Россия ҳарбий логистика занжирларини бузиш учун зарбалар беришни ўз ичига олган стратегиясига шубҳа билан қарашади. Бу ҳақда манбаларга таяниб CNN хабар бермоқда.
Телеканалнинг таъкидлашича, баъзи АҚШ ҳарбийлари ва расмийлари Украинанинг Қримга қилган ҳужумларини энг яхши ҳолатда талофатсиз қизил чизиқни кесиб ўтиш, энг ёмони эса қимматли ресурсларни исроф қилиш деб ҳисоблайди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозимининг CNN телеканалига айтишича, Қримга қилинган ҳужумлар «русларни бироз мувозанатдан чиқарган, аммо улар ҳал қилувчи ҳеч нарса қилмаяпти». «Агар улар [Киев] қарши ҳужумга эътибор қаратишса, эҳтимол ҳамма учун яхши бўларди», - дея қўшимча қилди у.
Ғарб разведка хизматининг юқори мартабали ходимига кўра, ҳозирда яриморолнинг учдан бир қисми АҚШ томонидан тақдим этилган HIMARS ракета тизими масофасида жойлашган. Шу муносабат билан Украина Россиянинг Қримдаги ўқ-дорилар омборлари ва бошқа логистика ва таъминот объектларига қарши зарбаларни кучайтирди, деб хабар қилди CNN манбаси.
Қримдаги ҳужумлар Украинанинг аксил-ҳужум стратегиясининг ажралмас қисми бўлиб, у ярим оролни изоляция қилиш ва Россиянинг Украина материкидаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлашини қийинлаштиришга қаратилган, деди украиналик манба телеканалга.


