Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Асака туманида истиқомат қилувчи Г.Э. (аёл) ҳеч қандай махсус билимга эга бўлмаса-да, ўзининг яшаш хонадонида 2014—2016 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар вояга етмаган ўғил болага ноқонуний равишда диний сабоқ бериб келган.
Болаларнинг 4 нафари андижонлик, 1 нафари эса Қашқадарё вилоятидан келган.
Таъкидлаш лозимки, 2016-йилда Қашқадарё вилоятида туғилган боланинг ота-онаси фарзандининг ўқишини Г.Э. орқали 2023 йилнинг ноябр ойида Асака туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг 2-синфига кўчиришган.
Мактаб директори эса болани ота-онасининг аризасисиз, тегишли буйруқ чиқармасдан ўқишга қабул қилган. Шунингдек, уни “ҳужра” шароитида диний таълим олаётганидан хабардор бўлса-да, зарур чораларни кўрмаган.
Қашқадарёлик бола фуқаро Г.Э.нинг уйида яшаган ва диний сабоқ олган. Аммо, мазкур аёл томонидан муттасил калтакланиши оқибатида олган жароҳатлари туфайли, у шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Г.Эга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, мактаб директорига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.
Андижон туманида ҳам шу каби ҳолат аниқланди. Фуқаро А.У. (эркак) ўз уйида “ҳужра” ташкил қилиб, 2010 ва 2013 йилларда туғилган 4 нафар ўғил болаларга диний сабоқ бериб келган.
Болалардан бири Тошкент шаҳрида яшаса-да, ота-онасининг хоҳиши билан диний сабоқ олиши учун унинг ўқиши Андижон туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирига кўчирилган.
Афсуски, бола мактаб дарсларига қатнашмаган бўлса-да, мазкур мактаб директори уни мажбурий таълимга жалб қилиш бўйича зарур чораларни кўрмаган.
Мактаб директорига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.


