Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 28 ноябрь куни қабул қилинган қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси фаолиятини кенгайтириш ва замонавийлаштириш чоралари белгиланди.
Янги тартибга кўра, Қўриқлаш бошқармаси давлат ва хусусий сектор объектлари – мактаблар, тиббиёт муассасалари, савдо ва қурилиш объектларига пуллик қўриқлаш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Хизматлар шартнома асосида, замонавий технологиялар, мониторинг тизимлари, АКТ ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.
Қарор доирасида айниқса транспорт соҳаси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларида хавфсизликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Департамент Транспорт вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда автобуслар ҳамда тез тиббий ёрдам машиналарини босқичма-босқич сиреналар билан жиҳозлаш, улардан фойдаланиш қоидаларини белгилаш ва тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш чораларини амалга оширади. Бу чора тиббиёт ходимларига нисбатан охирги пайтларда кузатилаётган тажовузлар ва ҳужумларнинг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, Қўриқлаш бошқармаси томонидан мавсумий хавфсизлик хизматлари кўрсатиш, хавфли юкларни кузатиб бориш, объектларни масофадан мониторинг қилиш, сигнализация, ваҳима тугмалари ва видеокузатув тизимларини ўрнатиш ҳуқуқи ҳам берилади. Давлат ва хусусий таълим муассасалари истакларига кўра қўриқчиларни шартнома асосида жалб қилишлари мумкин бўлади.
Ҳудудларда хавфсизликни кучайтириш мақсадида маҳалла қўриқлаш инспектори лавозими жорий этилди. Шунингдек, аҳолининг хабардорлигини ошириш учун хавфсизлик агентликларига онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқларда мақсадли реклама жойлаштиришга рухсат берилди.


