Ҳужжатга кўра, бир нечта вазифалар Департамент зиммасига юклатилган.
Жумладан:
• ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш.
• жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш;
• ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш;
• вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
• йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш;
• озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш.
Департамент асосий вазифаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлик Ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Т.Абдуллаевга топширилган.
Маълумот учун, ИИВ таркибидаги мазкур бўлим "Жамоат хавфсизлиги департаменти" деб аталади.
Шунингдек, Фармонда бир ой муддатда туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмаларини ташкил этиш меъёрларини ишлаб чиқиш чора-тадбирлари ҳам Ички ишлар вазирлигига юклатилган. Бунда ИИВ Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур чора-тадбирларни амалга оширади.
Шуни таъкидлаш керакки, эндиликда профилактика инспекторларини вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш тақиқланади. Фаолиятига асоссиз аралашиш ҳам ман қилинган.
Аввалроқ Сўнгги 6 ой ичида 1,5 млн. киши жамоат тартибини бузгани аниқлангани ҳамда Ички ишлар органлари ходимларининг энг яхшилари саралангани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


