Самарқанд вилоятида 13,1 минг куб мармарни ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Иштихон туманида “С.” АЖ масъул шахслари “Зарбанд (1978)” мармар конининг кон ажратмаси бўйича белгиланган чегарадан ташқарида ўзбошимчалик билан жами 13,1 минг куб мармарни ноқонуний қазиб олиб, табиий объектларга 5,1 млрд сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


