Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига Тошкент номи, янги барпо этиладиган боғга эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг муҳим рамзий ифодаси сифатида баҳоланди.
Маросимда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мазкур қарор Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги чуқур тарихий ҳамда маданий алоқаларни акс эттиришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир тасдиғидир.
Исломободда ташкил этилаётган Тошкент кўчаси икки халқ ўртасидаги яқинлик ва ҳамкорликни ифодаловчи муҳим рамзлардан бири бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, буюк саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган янги боғ тарихий мерос ва умумий қадриятларга ҳурмат ифодаси сифатида эътироф этилмоқда.
Таъкидланишича, Тошкент кўчаси ва Бобур боғи Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик, ҳурмат ва ўзаро ишонч ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.


