Жанубий Кореянинг Чунгчеонгбук-до провинциясида жойлашган маиший гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи заводда ёнғин содир бўлди. Yonhap News агентлиги маълумотига кўра, ҳодиса 30 январ куни соат 14:56 атрофида номаълум сабаблар туфайли бошланган.
Ёнғин қисқа вақт ичида корхона ҳудудидан ташқарига чиқиб, қўшни ишлаб чиқариш объектларига ҳам тарқалган. Мазкур заводда нам салфеткалар ва болалар тагликлари ишлаб чиқарилади. Корхонада хавфли кимёвий моддалар билан ишланмаслиги билдирилган.
Ҳодиса вақтида заводда бўлган 83 нафар ходимдан 81 нафари эвакуация қилинган. Бироқ Непал ва Ўзбекистон фуқароси бўлган икки нафар ишчи билан алоқа ўрнатилмаган. Улар ҳозирча бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Кучли шамол сабабли ёнғин тахминан 500 метр узоқликдаги тоғ ёнбағрига ҳам тарқалган. Фавқулодда хизматлар томонидан 2-даражали жавоб режими жорий этилиб, 105 нафар қутқарувчи, 56 та махсус техника ва 4 та вертолёт жалб этилган. Ёнғин соат 16:10 га келиб назорат остига олинган.
Айни пайтда воқеа жойида текширув ишлари давом этмоқда. Ёнғиннинг аниқ келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори кейинроқ аниқланиши маълум қилинди.


