Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлаётган ФИДE Жаҳон кубоги 2025 мусобақасида ўзбекистонлик икки гроссмейстер — Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Якуббоев ярим финалда ўзаро рақиб бўлди. 21–22 ноябрдаги икки классик партия дуранг билан якунлангач, ҳал қилувчи тай-брек 23 ноябрь куни ўтказилди. Унда Синдоров 1,5:0,5 ҳисобида устун келиб, финалга чиқди.
Бу ғалаба Жавоҳир Синдоров учун икки карра тарихий аҳамиятга эга бўлди. У Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор Даъвогарлар турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган шахматчига айланди. Финалда у хитойлик Вей Ли (Веи Йи) билан тўқнаш келади. Якуббоев эса 3-ўрин учун россиялик Андрей Есипенко билан баҳс олиб боради. Ушбу дуэль ғолиби ҳам Даъвогарлар турнирига йўлланма олади.
Финал ва 3-ўрин учун баҳслар 24–25 ноябрь кунлари ўтказилади. Агар классик партияларда ғолиб аниқланмаса, 26 ноябрь куни тай-брек ўйналади. Мутахассислар таъкидлашича, агар Якуббоев ҳам учинчи ўринни эгалласа, Ўзбекистон бир йўла икки нафар шахматчи билан Даъвогарлар турнирида қатнашиши мумкин — бу жаҳон шахматида жуда ноёб ҳолат саналади.


