ДХХ республиканинг қатор ҳудудларида ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйди.
Жумладан Андижон давлат университети ходими юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони мазкур олий ўқув юртининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Қарши шаҳрида яшовчи, 1992 ййилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида уни Қарши давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, Чирчиқ давлат педагогика университетининг бўлим бошлиғи 2 нафар фуқаронинг Россия Федерацияси олий ўқув юртидаги ўқишини ўзи фаолият юритаётган университетга кўчириб бериш ва 2 нафар фуқарога инглиз тилини билиш бўйича халқаро сертификат олиб бериш эвазига 10 100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси фуқарони ушбу олий ўқув юртининг мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Яна бир ҳолатда Қибрай туманида яшовчи эр-хотин ўзларининг танишлари ёрдамида фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


