1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Cаломатлик

Кузги аллергияни шамоллаш ва гриппдан қандай фарқлаш мумкин?

Мутахассис бу бўйича маълумот берди.

Кузги аллергияни шамоллаш ва гриппдан қандай фарқлаш мумкин?

Аксириш, кўз ёшланиши ва қичишиши, бурун оқиши, йўтал... Куз мавсумида бундай симптомлардан азият чекувчи беморлар сони бирмунча кўпаяди. Аммо фақат шу аломатларнинг ўзи ЎРВИ ёки гриппга чалинганингизни англатмайди.

 

— Юртимизда сентябрь, октябрь ва баъзан ноябрь ойларида ҳам нисбатан иссиқ ҳарорат кузатилади, — дейди мутахассис. — Агар шу даврда ёғингарчик бўлмаса, ўсимлик чангчалари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолади. Бу — юқорида саналган аломатларни келтириб чиқарувчи биринчи сабаб.

 

Иккинчидан, салқин кунлар бошлагач, замбуруғ споралари ёмғирдан кейин ҳавога юқори концентрацияда кўтарилади. Бунинг оқибатида замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди.

 

Замбуруғ споралари энг кўп учрайдиган манба — дарахт ва буталардан тўкилган япроқлар. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ҳамда ертўлаларда ҳам кузатилади.

 

Салқин об-ҳаво муҳити уй чангларининг кўпайиши учун ҳам қулай. Бундай шароитда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма белгилари кучаяди. Бу, айниқса, яхши исимайдиган ва зах хоналарда кўпроқ кузатилади.

 

Аллергияни қўзғатувчи яна бир манба — уй ичидаги чанг тўпловчи жиҳоз ва анжомлар — гилам ва тўшамалар, ёстиқлар, девор қопламалари, юмшоқ мебеллар ва ўйинчоқлар ҳамда китоблардир.

 

Мавсумий аллергияга мойил одамларнинг тахминан ярми ит, мушук сингари уй ҳайвонлари юнгидан азият чекади.

 

Тўғри, кузги аллергия белгилари ЎРВИ ва грипп аломатлари билан ўхшаш. Аммо уларни қуйидаги фарқли жиҳатлар ажратиб туради.

 

Масалан, шамоллаш ва грипп белгилари вирус қўзғатувчиси билан алоқа қилгандан сўнг маълум муддат ўтиб пайдо бўлади. Аллергия аломатлари эса дарҳол юзага келади.

 

Шамоллаш ва грипп симптомлари одатда 3-14 кундан сўнг йўқолса, аллергик реакциялар бир неча ойгача давом этиши мумкин. Қолаверса, аллергия чоғида тана қақшамайди, иситма чиқмайди.

 

Аллергия белгилари кузатилган беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишлари тавсия этилади. Хусусан, тиббиёт марказимизда бундай касалликларга илғор диагностика усуллари ва замонавий тиббий технологиялар орқали аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш йўлга қўйилган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика