1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Махсус рукнлар / 
  4. Ли Куан Ю қандай қилиб Сингапурни коррупциядан озод қилган?

15:40 / 18.01.2023

2.7k

Ли Куан Ю қандай қилиб Сингапурни коррупциядан озод қилган?

Ли Куан Ю қандай қилиб Сингапурни коррупциядан озод қилган?

Коррупция нафақат миллий, балки глобал миқиёсдаги муаммога айланди. Дунёнинг саноқли давлатларгина ушбу иллатга қарши муваффақиятли кураши билан мақтана олади. Шундай давлатлардан бири — Сингапур.

 

Ҳудудий жиҳатдан энг кичик мамлакат бўлган Сингапур Transparency International’нинг коррупцияни қабул қилиш рейтингида бир неча йилдан буён етакчи ўринларни сақлаб келмоқда (2021 йилда 85 балл билан 4-ўрин).

 

Ушбу муваффақиятда мустақил Сингапур “отаси” Ли Куан Юнинг ўрни катта. Бежизга уни “Сингапур виждони” деб аташмаган. Ли тарихда ҳалоллик ва коррупцияга қарши беаёв кураш рамзи бўлиб қолди.

 

“1959 йилда Халқ ҳаракати партияси ҳокимиятга келгач, унинг аъзолари коррупцияга қарши курашгач, ҳукуматда маънавий софликни ўрнатишга қарор қилди. Кўплаб Осиё етакчиларининг зиқналиги, порахўрлиги ва ахлоқий бузуқлиги бизнинг нафратимизга сабаб бўлди. Эзилган халқларнинг озодлиги учун курашганлар ўша халқ бойлигини талон-тарож қилди, уларнинг давлати таназзул ёқасига келиб қолди”.

 

Ли Куан Юнинг “Сингапур тарихи: учинчи дунёдан биринчи дунё сари” китобининг “Коррупцияга қарши кураш” бўлими шундай бошланган. Унинг сўзларига кўра, 1959 йилдаги сайловларда ғалаба қозонгандан сўнг, янги ҳукумат аъзолари қасамёд қилиш маросимига оқ кўйлак ва шим кийиб чиқади. Бу уларнинг шахсий ва касбий фаолиятидаги ҳалоллиги рамзини кўрсатиши керак эди.

 

“Одамлар буни биздан кутишганди ва биз уларнинг умидларини оқлашга ҳаракат қилдик”, — деб ёзганди кейинроқ Ли бу ҳақда.

 

50-60 йилларда Сингапур қолоқ ҳудуд бўлиб, бу ерда коррупциянинг турли кўринишлари авж олганди. Ли Куан Юнинг сўзларига кўра, барча тармоқларда порахўрлик ва непотизм гуллаб-яшнаган. Масалан, экспорт-импорт департаменти ташқи савдо операцияларини тезлаштириш учун пора олар, марказий таъминот хизмати эса манфаатдор шахсларга маълум ҳақ эвазига бўлажак тендерлар ҳақида маълумот берарди. Дўкон ва уй эгалари чиқиндини тозалагани учун Оммавий соғлиқни сақлаш департаментига ҳақ тўларди.

 

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

 

Ли Куан Ю ҳокимиятга келган илк кунларидаёқ бюджетга тушадиган ҳар бир долларнинг ҳисобга олиниши ва унинг зарур одамларга тўлиқ етиб боришини таъминлашга эришади. Сингапурда ҳокимият ваколатларининг шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш имкони бўлган фаолият турлари устидан назорат кучайтирилади.

 

Коррупцияга қарши курашувчи асосий орган сифатида Коррупция ҳолатларини суриштириш Бюроси танланади. Унинг асосий эътибори олий ҳокимият идораларида йирик порахўрлик ҳолатларини аниқлашга қаратилади.

 

Ҳукумат майда коррупцион ҳолатларга бюрократик тўсиқларни камайтириш ва қонунлардаги бошқача талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларни бекор қилиш орқали курашишга қарор қилади.

 

1960 йилда янги  таҳрирдаги Коррупцияга қарши кураш бўйича қонун қабул қилинади. Унда терговчиларга кенг ваколатлар берилди. Хусусан, гумонланувчига оид солиқ маълумотлари ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, пора тушунчасига аниқ таъриф берилади: унга кўра, пора деганда моддий қийматга эга ҳар қандай ноз-неъмат тушунилиши белгиланади.

 

1963 йилда анонимлик тартиби бекор қилинди. Эндиликда Коррупция ҳолатларини суриштириш Бюросига ахборот берган ҳар қандай инсон шахсини очиқлаши шарт қилиб қўйилди. Бир томондан, бу турли суиистеъмолликлар ва туҳматларнинг олдини олишга ёрдам берди.

 

Жазо муқаррарлиги

 

Яхши қонун қабул қилиш осон, аммо энг муҳими унинг ижроси. Қонунлар барча учун — давлат хизматчиси, тадбиркор, сиёсий элита ва бошқалар учун баробар ишласа натижага эришилади. Бу маънода Сингапурга қойил қолса арзийди.

 

Яна “Сингапур тарихи: учинчи дунёдан биринчи дунё сари” китобига қайтамиз. Ли Куан Ю ўзи бош вазир бўлган пайтда бир қатор олий мартабали амалдорларнинг аёвсиз жазога тортилгани ҳақида ёзади.

 

Масалан, 1975 йилда ўша пайтда атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазири бўлган Ви Тун Бун Индонезияга оиласи билан саёҳат қилади. Унинг йўл харажатлари қурилиш компанияларидан бири томонидан тўланади. Вазир ушбу компания манфаатларини ҳукумат олдида ҳимоя қила бошлайди. Ўтказилган текширув натижасида у, шунингдек, шу фирма ҳисобидан 500 минг Сингапур долларига вилла сотиб олгани аниқланади. Ли Куан Ю вазирни ўта садоқатли ва профессионал бўлганига қарамай, 4 йиллик қамоққа ҳукм қилинганини қайд этган.

 

Собиқ бош вазир яна бир ҳолатни тилга олади. Сингапурнинг энг муҳим вазирликларидан бўлган миллий тараққиёт вазирлиги раҳбари Те Чин Ван 1986 йилда 400 минг Сингапур доллари миқдорида пора олгани аниқланади. У узоқ вақт айбини тан олмайди, аммо 1986 йил 15 декабрда Ли Куан Юга мактуб йўллаб, юзага келган вазиятдан афсусдалигини айтади. Те Чин Ван шу куни ўз жонига қасд қилган эди.

 

Юқоридаги икки мисолдан шуни кўриш мумкинки, Ли Куан Ю ҳатто ўз тарафдорларини ҳам аяб ўтирмаган. Бундай шароитда, шубҳасиз, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ва жамиятда коррупцияга қарши тоқатсизлик руҳи шаклланади

 

Юқори маошли амалдорлар

 

“ ‘Фоиз’, “мукофот” — коррупцияни маҳаллий шевада қандай номлашмасин, у барибир ўзгармайди: коррупция Осиё ҳаётининг ажралмас қисми. Одамлар порани баъзан очиқчасига олишади, бу улар ҳаётнининг бир бўлаги. Вазир ва амалдорлар олаётган маоши билан ўз даражасига мос ҳаёт кечира олмайди”, – деганди Ли Куан Ю.

 

Сингапур “отаси”нинг фикрича, жамият қўллаб-қувватланишига эришиш учун ҳукуматлар одатда ўз вазирларига кам маош тўлашга ҳаракат қилади. Аммо у бир нуқтага эътибор қаратган: амалдорларга бериладиган уй-жой имтиёзлари, амалдаги харажатларнинг қопланиши, хизмат автомобиллари учун сарфланадиган пуллар, сафарлар ва бошқа харажатларга маошдан кўра бир неча баробар кўп маблағ сарфланади.

 

Шу сабабдан Сингапур ўзига хос йўлдан борди: вазир ва давлат хизматчиларига юқори маош тўланади. Бу билан иккита мақсадга эришилади: биринчидан, амалдорларнинг пора олишига сабаб қолдирмаслик бўлса, иккинчи томондан хусусий секторда кўп даромад топадиган одамларни давлат хизматига жалб қилиш имкони пайдо бўлади.

 

Ли Куан Ю хусусий тармоқда ўта банд бўлган ва катта даромад кўрадиган қобилиятли инсонларнинг ҳукуматга киришга қизиқиши йўқлигига эътибор қаратади. Шунинг учун улар ишлаб топадиган пулнинг айрим қисми (масалан, 1/3)ни маош қилиб бериш орқали уларни давлат хизматига жалб қилишга ҳаракат қилишади.

 

Сингапур ҳозир ҳам амалдорларга юқори маош бериш тизимини сақлаб қолган. Масалан, амалдаги бош вазир Ли Сянлун энг кўп иш ҳақи тўланадиган давлат раҳбари ҳисобланади.

 

Юқоридаги маълумотлар Сингапурнинг коррупцияга қарши муваффақиятининг бир қисми, холос. Бундан ташқари, яна бошқа кўплаб омиллар ҳам шаффоф ва самарали ҳукуматни тузишга ёрдам берган.

 

Албатта, бир давлат тажрибасини тўлиғича бошқа давлатда амалга ошириш имконсиз. Аммо унинг энг яхши жиҳатларини ўзлаштириш мумкин.

 

 

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика