1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Махсус рукнлар / 
  4. "Майда доллар йўқ, йириги бор" — касса

10:35 / 13.12.2022

927

"Майда доллар йўқ, йириги бор" — касса

"Майда доллар йўқ, йириги бор" — касса

Нега “қора бозор”да бору, банкларда йўқ?

 

Ҳақиқат осмонда, нарвони ҳамёнда

 

Бу нақл бежиз айтилмаган. Чиндан, бугун жамиятдаги қайсики муаммонинг илдизига болта урмайлик, биз кўриб-кўрмасликка олаётган ҳақиқатлар кўзга ташланади.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори банк-молия тизимида ҳам ўзига хос ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага замонавий, янгича тизим, ёндашув ва инновацион технологиялар кириб келди. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида ҳам талайгина ишлар қилинмоқда. Айниқса, банкларимизда валюта айирбошлаш тизими тубдан янгиланди. Авваллари долларни сўмга, сўмни долларга айлантириш учун “қора бозор” оралардик. Пана-пастқам, кўздан нари жойларда муомала қилинарди. Бугун эса буни эмин-эркин, қонуний амалга ошириш мумкин. Одилона сиёсат орқали  юртбошимиз томонидан, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши билан боғлиқ қарор имзоланди. Бу эса ўз навбатида “қора бозор” га бироз бўлсада чек қўйилишига сабаб бўлди.

 

Тезкорлик, шиддат ҳукм сурган ҳозирги жамиятда амалга оширилаётган ишларнинг барчаси инсон эҳтиёжини тўлақонли таъминлаб, унинг оғирини енгил қиляпти, деёлмаймиз. Буни валюта айирбошлашда муаммоларга учраётган, банк тизими фаолиятидан норози бўлаётганлар мисолида кўриш мумкин. 

 

Майда доллар ҳозир фақат аҳолини қўлида қолганми?

 

Бугун 50 доллар олишим зарур бўлиб қолди. Ишхонамизга яқин банкка кирдим. Аммо кассадаги аёл майда доллар йўқлигини айтди. Универсал банкдан ҳафсалам пир бўлиб, сал тепароққа ؅— Саноат қурилиш банкка бордим. Навбатга чек олдим (ҳартугул мен ўйлаган даражада турнақатор навбат йўқ экан), 5 минутда навбатим келди. Аммо ходим 50 долларлик қолмаганини айтиб, бино охиридаги 3-кассадан сўраб кўришимни тавсия қилди. 3-кассага бордим: “майда доллар йўқ, йириги бор. Майда доллар ҳозир фақат аҳолини қўлида қолган” деган жавоб олдим. Нега бундайлигини сўраганимда, кассадаги ходим “буни банкнинг ўзи ҳал қилади” дегандек гапирди.

 

Бу биринчи ё иккинчи марта бўлаётган ҳолат эмас. Уч ойлардан бери банклардан 50 долларлик ололмай қайтаман. Аммо кўчадан топаман. Қизиқ, 50 долларлик анқони уруғи бўлиб қолдими? Нега “қора бозор”да бору, банкларда йўқ? Ёки бу қора бозорга қўйилаётган янгича қадамлардан бирими?

 

Бу каби муаммога учраётган биргина мен эмаслигим аниқ. Ҳамкасбим танишлари билан ҳар ой 50 доллардан “чорный касса” ўйнаган. Бир неча ойдан бери ой охирига бориб 50 долларлик излашга тушади. Аммо тополмайди. У ҳам ноилож “қора бозор”га ўрганди.  

 

Мен дуч келган муаммо, балки ким учундир арзимагандек туюлар. Бироқ шундай кезлар бўладики, бу катта муаммога айланади.

 

Қишнинг қаҳратонида (ёш бор, қари бор, имконияти чекланган бор ёки бошига бирор мушкул иш тушган ҳамюртимиз бор) ким бўлишидан қатъий назар совуқда ишини тезроқ битириб, иссиқда жон сақлашни истайди. Барча соҳалар қатори банклар ҳам мижозларга манзур келиши учун, аввало, у қулай, сифатли хизматга эга бўлиши керак. Сарсону, оворагарчиликлардан чарчаган халққа “ўлган устига тепган” бўлиши керак эмас.  

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика