14 январь куни иккита муҳим давлат санаси – Ватан ҳимоячилари куни ва мамлакатнинг Қуролли кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигини нишонлаш кунида «Humo Arena» старт-финиш майдончасида «Men G’olib» анъанавий қишки оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Тадбир дастурига 3 та масофа киритилган: 3 км, 10 км ва 1 км масофада «Family Run» (оилавий оммавий югуриш мусобақаси). Ҳаваскор югурувчилар шахсий мусобақаларда иштирок этади, идоравий тузилмалар учун эса жамоавий мусобақалар ташкил этилади. 14 январь куни иштирокчиларнинг йиғилиши 07:00 да бошланади, мусобақага 08:00 да старт берилади.
«Men G‘olib» кубоги Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг вакилларидан ташкил топган 8 та жамоа ўртасида ўйналади.
Иштирокчиларнинг старт пакетлари 12 январь куни, соат 10:00 дан 18:00 гача Енгил атлетика федерациясида, қуйидаги манзилда берилади: Ислом Каримов кўчаси, 98, мўлжал – «Пахтакор» стадиони.
Иштирокчининг старт пакетига қуйидагилар киради:
· Старт кўкрак нишони (1 дона);
· My Laps чипи;
· бафф;
· футболка;
· 4 та тўғноғич
Белгиланган вақт лимитида масофани югуриб ўтган барча иштирокчиларга «Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақаси учун махсус ишлаб чиқилган финишчи медаллари топширилади.
Спорт тадбирини ўтказиш шартлари билан батафсил танишиб чиқиш учун Енгил атлетика федерациясининг сайтида «Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақасининг низоми жойлаштирилган.


