Ижтимоий тармоқларда 2019-йилда ҳозирда Миллий гвардияда ишловчи Ш.Ш. исмли шахс 13 ёшли қизни зўрлагани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Маълум қилинишича, қиз ота-онаси билан АҚШда яшайди, лекин у ҳар ёзда Қибрай вилоятидаги бувисиникига таътилга келади.
"Жабрланувчининг айтишича, бувисининг қўшниси Ш.Ш. уни куч билан хонасига судраб олиб кириб, тўшак устига ётқизган", — деб ёзади Nemolchi.uz лойиҳаси.
Жиноят содир этилган вақтда қиз 13 ёшда, эркак эса тахминан 27 ёшда бўлган.
Бу йиллар давомида қиз бўлган ҳолатни ҳеч кимга айтмаган, лекин у ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаб юрган пайтда психолог билан учрашиб, унга бўлган воқеани айтиб берган.
Миллий гвардия матбуот хизмати Ш.Ш 2020-йилдан буён Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармасида оддий аскар бўлиб хизмат қилаётганини тасдиқлади.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, жорий йил 4-апрел куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги маълум бўлган шахсни зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.
"Ш.Ш.нинг келгусида Қўриқлаш бўлимида хизмат ўташи тўғрисидаги қарор тергов натижаларига кўра қабул қилинади", — дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.


