Миллий тиббиёт марказида ўтган йили 100 га яқин жигар ва буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди.
2024 йил бошида ишга туширилган Миллий тиббиёт маркази қисқа вақт ичида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўзлаштирган етакчи соғлиқни сақлаш муассасаларидан бирига айланди.
Бу ерда бўлиб ўтган матбуот анжумани айни шу мавзуга бағишланди.
Унда таъкидланишича, 2024 йил давомида марказда 5 мингдан ортиқ юқори технологик операциялар бажарилди.
Кардиожарроҳлик, эндоваскуляр жарроҳлик, травматология, кўз микрохирургияси, нейрохирургия ва трансплантология соҳаларида амалга оширилган мураккаб амалиётлар беморлар саломатлигини тиклаш баробарида, тиббиётни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, лапароскопик усулдаги, эндопротезлаш, юрак-қон томир жарроҳлиги ҳамда нейро ва урологик хирургия бўйича илғор технологиялар жорий этилди.
Эслатиб ўтамиз, Миллий тиббиёт маркази мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб 7/24 иш режимига ўтган эди.
Бу ерда инсон аъзолари трансплантацияси йўналишида ҳам юксак натижаларга эришилмоқда. Жумладан, 2024 йил давомида муассасада 15 дан ортиқ жигар ва 75 та буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди.
Жигар трансплантациясининг охирги 5 таси ҳиндистонлик таниқли жарроҳ билан ҳамкорликда ўтказилди.
Жорий йил Миллий тиббиёт маркази учун трансплантология ва юқори технологик жарроҳлик соҳасида янги босқичга кўтарилиш даври бўлмоқда. Жумладан, бу йўналишда илғор усуллар ўзаштирилди, натижада операциялар сони ошди ва сифати яхшиланди.
Айниқса, бир кунда параллель равишда тўртта жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилгани нафақат марказ тарихида, балки бутун мамлакат тиббиётида муҳим воқеа бўлди.
Муассасанинг трансплантолог ва жарроҳлари халқаро тажрибани ўрганиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда беморлар учун энг самарали даволаш усулларини ривожлантириш устида изланишда давом этмоқда.
Келгусида трансплантация жараёнларини янада такомиллаштириш, инсон аъзолари донорлигини ривожлантириш ва юқори технологик амалиётларни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.


