Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда жаҳоннинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари бўлган яқин ҳамкорларимиз ва янги шерикларимиз иштирок этаётганидан мамнунлигини билдирди.
Кенгаш ўтган даврда ўзининг самарали фаолиятини яққол намоён этгани таъкидланди. Кенгаш аъзоларининг кўмаги ва алоҳида эътибори натижасида ислоҳотларимизга катта ёрдам берадиган ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Улар илгари сураётган ғоя ва ташаббуслар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол татбиқ этаётганини таъкидлаб, Президентимиз инвесторларга Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Президентимиз бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётганига эътибор қаратди. Бундай мураккаб шароитда бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташланса, кўзланган юксак марраларга албатта эришилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хонимнинг кенгаш фаолиятидаги алоҳида ўрнини қайд этди.
Экспертлар томонидан ишлаб чиқилган Инвестициялар ва Махсус эркин зоналар тўғрисидаги қонун лойиҳалари мамлакатимизда қулай инвестиция ва бизнес муҳитини такомиллаштиришда улкан қадам бўлади.
Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти жамоаси томонидан бошланаётган инвестиция сиёсати таҳлили мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида асосий йўналишларни белгилаб олишга ва самарали механизмларни яратишга хизмат қилади.
“Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калитидир.
Шу сабабли бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйишга ва саъй-ҳаракатларимизни янада уйғунлаштиришга чақираман”, — деди Президент.
Давлатимиз раҳбари кенгаш доирасида тўртта йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.


