Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида ИИО ходимлари тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётгани айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.
Кеча, 27 май куни соат 00:10 да Учқўрғон тумани ИИБ профилактика инспекторлари тумандаги «Саноат» МФЙ Чинор кўчасида жойлашган компьютер ўйинхонасини олдидан ўтиб кетишаётган вақтда ушбу жойда 10 нафардан ошиқроқ фуқаролардан 2 нафари жамоат тартибини ҳамда фуқаролар тинчлигини бузиб жанжал кўтараётганларига гувоҳ бўлишган.
Ходимлар томонидан йигитларни тартибга чақириш мақсадида мурожаат қилинганда 1998 йилда туғилган фуқаролар Б.И ва Т.Т лар ИИБ ходимларини қонуний талабларини бажармай, фаол қаршилик кўрсатиб, ҳуқуқбузарликларини давом эттиришган.
Шу сабабли йигитлар қонуний тартибда туман ИИБга олиб келиниб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органи ходимнинг қонуний талабини бажармаслик) билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.


