Президент Владимир Путин Сурияда Россия ва НАТО давлатлари ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашув бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Москва ҳар қандай сценарийга тайёр эканини айтди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россияда буни ҳеч ким хоҳламайди.
«Биз ҳар доим ҳар қандай сценарийга тайёрмиз, лекин бу ерда ҳеч ким НАТО билан урушни хоҳламайди», — деб жавоб берди Путин Россия-Африка саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида НАТО ҳарбийлари билан тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги саволга.
Шунингдек, Россия президентининг таъкидлашича, НАТО Америка томонининг ташаббуси билан авваллари можароларнинг олдини олиш учун яратилган.
«Маълум бўлимларимиз раҳбарлари бир-бири билан бевосита мулоқот қилади ва ҳар қандай инқирозли вазият бўйича маслаҳатлашиш имкониятига эга. Бу ҳеч ким ҳеч қандай тўқнашувни хоҳламаслигидан далолат беради. Лекин агар буни биз эмас, кимдир хоҳласа, биз тайёрмиз», — деди Путин.
Қўшма Штатлар ва Россия сўнгги ҳафталарда россиялик қирувчилар ва Америка дронлари ўртасидаги хавфли тўқнашувларда мунтазам равишда айбловлар алмашиб келмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, биргина июнь ойида АҚШ бошчилигидаги коалиция учувчисиз учиш ва авиация билан боғлиқ 315 та қоидабузарликка йўл қўйган.


