1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви шартми?

ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент Феруза Усарова сайловолди номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви ҳақида фикрларини бирдирди.

Номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви шартми?

 

ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент Феруза Усарова сайловолди номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви ҳақида фикрларини бирдирди.

 

Юртимиздаги Президент сайловига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Ўтган деярли бир ой давомида номзодларнинг инновацион ва рақамли турли-туман шакл ҳамда услубдаги тарғиботини назорат қилиб бордик. Шу ўринда, кеча-кундуз Президент сайлови кампаниясида тарғибот-ташвиқотнинг замонавий шаклларидан бири бўлмиш партиялараро теледебатнинг гувоҳи бўлдик. У давлатимизнинг демократия йўлидан шахдам қадамлар билан ривожланиб бораётгани, номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви муҳим аҳамиятга эга эканини яққол намоён этди.

 

Маълумки, теледебатлар узоқ тарихга эга. Илк теледебатлар 1960 йил АҚШда, Россия Федерациясида 1995 йилда ташкил қилингани маълум. Бугунги кунда қатор давлатларда теледебатлар сайлов жараёнларининг ажралмас қисми бўлиб улгурган. Масалан, Сингапурда 2020 йил шаҳар-давлатдаги 4 тадан кўп номзод кўрсатган партиялар ўртасида,  Индонезияда 2019 йил 17 февралда президентлик учун номзодлар ўртасида, 2020 йил, 2022 йил ва 2023 йил Қозоғистонда парламент сайлови олдидан теледебатлар уюштирилди. Айниқса, 2022 йилда Қозоғистондаги навбатдан ташқари Президент сайловида 6 нафар номзоддан илк маротаба 2 нафар аёл қатнашган теледебатлар экспертлар томонидан жонли ўтгани ҳамда баъзи жиҳатлари эса танқидий баҳоланганини айтиш жоиз. 

 

Алоҳида эътибор бериш керакки, Шарқдаги теледебатлар Ғарбдаги тартибсиз, шовқин-суронли ва жанжалли теледебатлардан фарқ қилади. Масалан, кечагина юртимизда ўтган теледебатларда номзодлар шарқона маданият билан бир-бирини камситмай, гапини бўлмай, ҳурмат-иззат қилган ҳолда, фикрларни босиқлик билан тинглаб, танқидий ва илмоқли саволларга дадил, ишонч билан, тўлиқ ва асосли жавоблар бердилар, умумэътироф этилган талабларни бузмаган ҳолда том маънода қизғин ва мунозарали ҳақиқий беллашув олиб борилди.

 

Унинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, биринчидан, ҳар бир номзод юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ютуқ ва камчиликларини нафақат очиқ ва ошкора, балки барчага бирдек тушунарли тилда, танқидий ёндашган ҳолда баён этганлари ўтган йилги сайловлардан яққол фарқини кўрсатди. Унда каттаю кичик фуқаролар энди партиялар нафақат ижтимоий муаммоларга, балки инсон қадри учун муҳим бўлган барча соҳаларни қамраб олганини ўз кўзлари билан кўрдилар. Масалан, Адолат партияси номзодининг “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ғояси, ЎзЛиДеп партияси номзодининг ташаббуслари эса аниқлиги, ҳаётий ва амалий экани, ҳар бир соҳани тизимли ва узвий ривожлантиришга қаратилгани, Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устун – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ҳамда аждодларимизнинг бой меросига асосланган кучли маънавият бўлиши, 2030 йилгача “Истеъдод – интилиш – истиқбол” деб номланган мактаб-интернатлар ташкил этилиши, уларда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилиши кўпгина муаммоларга ечим бўлиши халқимизга маъқул келди. ХДП партияси номзодининг қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида педагогик, тиббиёт ва бошқа ихтисосликдаги олий таълим муассасаларига ўқишга имтиёзли қабул қилиш, Экопартия номзодининг “яшил” иқтисодиётга мос ва унинг ривожланишига ҳисса қўшувчи касб-ҳунар йўналишлари рўйхатини тузиш ва кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш каби ғоялари эътиборга лойиқ бўлди.

 

Иккинчидан, сайловолди жараёнларида телебетларнинг муҳим экани яна бир бор тасдиқланди. Чунки бу дебатлар номзодларнинг ташаббусларини жойида қиёсий таққослаш, саралаш ва энг маъқулини танлаш ҳамда жамоатчилик фикрини шакллантиришга имконият яратди. Учинчидан, кечаги теледебатда номзодларнинг ташаббуслари ҳаётий ва амалий эканини кўрсатди. Ҳар бир номзод ўз ғояси учун курашгани, таклифларининг ишлаш механизмлари ва чора-тадбирларни аниқ ёритишга ҳаракат қилгани бунинг ёрқин мисоли бўлди. Тўртинчидан, теледебатларнинг бошқа тарқоқ ҳолдаги сайловолди ташвиқотлардан афзаллиги шундаки, унда бир вақтнинг ўзида барча номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиш, қизиқтирган саволларни бериш, жойида ечимини кўра олишнинг энг муваффақиятли йўлидир. Кечаги теледебатлар фуқароларнинг сиёсий билими ва дахлдорлиги сезиларли даражада ошганини яна бир бор кўрсатди.

 

Умуман олганда, номзодларнинг теледебат майдонидаги беллашуви эркин фикрлаш, ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда ўз позициясини ҳимоя қилишга қаратилган воситага айланиб бормоқда. Президент сайловидаги теледебат сайловчиларга барча номзодларнинг сайловолди дастурларидаги  ҳаётий  муҳим ўзгаришларга олиб кела олувчи ғояларни англаб олиш, уларга холисона баҳо бериш, ошкора саралаш ва муносиб деб билган номзодни танлаб олиш юзасидан мустақил қарор қабул қилишга ёрдам беради.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика