Нукус шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўзини банк ходими сифатида таништириб, фуқароларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам беришни ваъда қилган илгари судланган шахс қўлга олинди.
Маълум қилинишича, гумонланувчи фуқароларга жами 1,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, уларни чалғитган. У 48,4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи икки нафар фуқарога пул компенсацияси эвазига 1 миллиард 200 миллион ва 300 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар олишга ёрдам беришни ваъда қилиб, уларнинг ишончини қозонган.
Тезкор тадбирлар давомида олинган пул маблағлари мусодара қилиниб, жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўлга олинган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (порахўрлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлаш ҳамда гумонланувчининг бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга алоқадорлигини текшириш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


