Оксфорд Аҳоли саломатлиги маркази олимлари умр давомийлигига атроф-муҳит омиллари ва генларнинг таъсирини ўрганиб чиқди. Эрта ўлим хавфи атроф-муҳит омилларига кўра 17 фоиз , генетик мойиллик эса атиги 2 фоиз экани аниқланди.
Мутахассислар Буюк Британия Биобанки томонидан тақдим этилган деярли ярим миллион кишининг маълумотларини таҳлил қилиб, 22 та асосий касаллик бўйича 164 та омилни баҳолашди.
Натижаларга кўра, чекиш, ижтимоий-иқтисодий ҳолат, жисмоний фаоллик ва яшаш шароитлари умр давомийлигига энг катта таъсир кўрсатди. 21 та касаллик чекиш билан, 19 таси ижтимоий-иқтисодий омиллар билан, 17 таси эса жисмоний фаоллик билан боғлиқ экани аниқланди.
Ҳомиладорлик даврида онанинг чекиши ва болаликдаги тана вазни эрта ўлим хавфига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Генетик мойиллик фақат деманс ва кўкрак саратони каби баъзи касалликларда сезиларли роль ўйнайди.
Тадқиқотчилар атроф-муҳит омилларини яхшилаш орқали умр давомийлигини узайтириш мумкинлигини таъкидламоқда.


