Аввалроқ Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган Бухоро мактабида ўқувчилар сувдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, ўқувчилар мактаб ҳудудидаги фильтрланмаган сувдан истеъмол қилиши оқибатида соғлиғидан шикоят қилиб, жорий йилнинг 15 Сентябрдан 19 сентябрга қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳозирда мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.


