Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили маҳбусларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида ҳудуддаги 4-сон тергов ҳибсхонасига ташриф буюрди.
Дастлаб мурожаат муаллифлари билан ҳоли тарзда суҳбатлашилди. Улардан бири Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, 4-сон тергов ҳибсхонасида 2022 йилнинг 21 январь кунидан буён сақланаётганини маълум қилди.
Унинг қайд этишича, юрак касаллигидан узоқ йиллардан буён даволаниб келган. Қамоққа олингандан кейин соғлиги ёмонлашиб, РШТЁИМ Бухоро филиалининг кардио реанимация (жонлантириш) бўлимида даволанган.
Сўнгра яна ҳибсхонасига юборилган ва ҳибсхонанинг тиббий бўлимида даволанмоқда. Мурожаатчи ҳибсхона тиббий бўлимида унга зарур ихтисослаштирилган тиббий ёрдам бериш имконияти тўлиқ бўлмагани сабабли, аҳволи яхшиланмаётгани ва шифокорлар ҳам унинг соғлигидан хавотирда эканини билдирди.
Маҳбус минтақавий вакилдан унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришда ва малакали тиббий ёрдам олиб, ихтисослаштирилган касалхонада даволанишида амалий ёрдам сўради.
Минтақавий вакил Абира Ҳусейнова мурожаатчига нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлашни сўраб мурожаат қилди. Экспертиза натижасига кўра, мурожаатчининг важлари кўриб чиқилади.Шунингдек, қабул давомида маҳбуслардан апелляция суди мажлисларида минтақавий вакилнинг кузатувчи сифатида иштирок этиши, судларда адвокат иштирокини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилиши ва бошқа масалаларда мурожаатлар келиб тушди ва улар минтақавий вакил назоратига олинди.


