Ижтимоий тармоқларда Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров номидан сохта аккаунтлар очилиб, турли хабарлар тарқатилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, сохта аккаунтлар орқали таниқли спортчилар ҳамда спорт соҳасига алоқадор шахсларга хабарлар юборилиб, турли маълумотларни қўлга киритишга уриниш ҳолатлари кузатилган. Айрим вазиятларда шахсий ёзишмалар орқали ишонч қозониш ва фирибгарлик ҳаракатларини амалга оширишга уриниш қайд этилган.
Таъкидланишича, ўзбек спортига оид барча расмий ахборот ва баёнотлар фақат Миллий Олимпия қўмитасининг расмий ахборот ресурслари, шунингдек, тегишли федерация ва ассоциацияларнинг тасдиқланган саҳифалари орқали эълон қилинади. Расмий манбалардан ташқари тарқатилаётган маълумотлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Шу муносабат билан фуқаролардан шубҳали аккаунтлардан келаётган хабарларга ишонмаслик, уларга жавоб бермаслик ҳамда шахсий маълумотларни тақдим этмаслик сўралмоқда. Шунингдек, бундай аккаунтларни блоклаш ва ижтимоий тармоқ маъмуриятига шикоят юбориш тавсия этилди.


