1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Озарбайжон мусиқасининг биринчи даҳоси: Узейир Ҳожибеков таваллудининг 140 йиллиги

Мусиқа тарихида олтин саҳифа очган бастакорнинг юбилейи кенг нишонланмоқда.

Озарбайжон мусиқасининг биринчи даҳоси: Узейир Ҳожибеков таваллудининг 140 йиллиги

18 сентябрь — жаҳон миқёсида машҳур композитор, Озарбайжонда профессионал мусиқа санъатининг асосчиси Узейир Ҳожибековнинг туғилган кунидир. Унинг ижоди нафақат Озарбайжон, балки бутун мусулмон Шарқида янги мусиқа мактабининг шаклланишига замин яратди.

 

Ҳожибеков 1885 йилда Ағжабади қишлоғида туғилиб, болалигидан Шуша шаҳрида таълим олди. У дастлаб муқом ижросини, халқ чолғуларида чалишни ўрганди. Кейинроқ Горий ўқитувчилар семинариясида беш йил давомида математика, тарих, адабиёт ва мусиқани чуқур ўрганди. Бу даврда у скрипка ва виолончелни ҳам пухта эгаллади.

 

1908 йил 25 январда унинг “Лайли ва Мажнун” асари саҳнага қўйилди. Бу нафақат Озарбайжонда, балки мусулмон Шарқи тарихида илк миллий опера бўлди. Асар муваффақияти бутун Кавказ бўйлаб машҳурликка эришди. Кейинчалик “Шейх Санъон”, “Рустам ва Зухроб”, “Шаҳ Аббос ва Хуршуд Бану”, “Асли ва Керем” каби муқом опералари ҳам яратилди.

 

Ҳожибековнинг энг машҳур оперетталаридан бири “Аршин мал алан” 1913 йилда илк бор намойиш этилди. Асар 76 мамлакатда қўйилди ва бир неча бор экранлаштирилди. 1945 йилда суратга олинган фильм версияси катта шон-шуҳрат келтириб, муаллифга Давлат мукофотини олиб келди.

 

1937 йилда саҳналаштирилган «Короғли» операси бастакор ижодининг чўққиси ҳисобланади. Бу асар орқали Ҳожибеков халқ куйларини замонавий опера жанри билан уйғунлаштиришга эришди. Орадан кўп ўтмай у Озарбайжон халқ артисти, кейинроқ эса СССР халқ артисти унвонига сазовор бўлди.

 

1921 йилда Озарбайжон давлат консерваториясини ташкил этишда ташаббус кўрсатган Ҳожибеков кўплаб йирик композиторларни тарбиялади, жумладан, Гара Гараев ва Фикрат Амиров. 1945 йилда эса унинг “Озарбайжон халқ мусиқасининг асослари” номли илмий асари чоп этилди.

 

Бугун Бакуда Ҳожибеков номидаги мусиқа академияси, симфоник оркестр ва уй-музейлари фаолият юритади. 1995 йилдан буён 18 сентябрь — Озарбайжонда Миллий мусиқа куни сифатида нишонланади. Шу куни ҳар йили халқаро мусиқа фестивали ҳам ўтказилади.

 

Жорий йилда Озарбайжон ва чет элларда турли тадбирлар ўтказилмоқда. Тошкентда катта концерт бўлиб ўтди, Вена шаҳрида эса халқаро пианистлар танлови ташкил қилинди. Бугундан бошлаб Боку, Ганжа, Шуша ва бошқа шаҳарларда 17-Халқаро Узейир Ҳожибеков фестивали старт олди. Унда Озарбайжон, Германия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлардан мусиқачилар иштирок этмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика