“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда Хитой Халқ Республикасининг электр энергетикаси соҳасида жаҳон миқёсида етакчи ҳисобланган “China Huaneng Group Co. Hong Kong, Ltd.” (Ҳуаненг) компанияси ўртасида йўлга қўйилган стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, эришилаётган натижалар ҳамда келгусида режалаштирилаётган истиқболли ташаббуслар юзасидан компания вакиллари иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар инновацион ёндашувлар, замонавий технологиялар ва илғор халқаро тажрибани жорий этиш орқали гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш, йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Маълумот ўрнида: “China Huaneng Group” корпорацияси 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунё миқёсида йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида учинчи, Хитойда эса етакчи ўринни эгаллайди. Корпорация таркибига 57 та шўба компания ҳамда 1000 дан ортиқ гидроэлектр станция, иссиқлик электр станцияси ва шамол электр станциялари киради. Унинг умумий энергия ишлаб чиқариш қуввати 270 ГВтни, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,1 триллион kVt. сoaтни ташкил этади. Шунингдек, компания “Fortune Global 500” рейтингида дунёнинг энг йирик 500 компанияси орасида 256-ўринни эгаллаб келмоқда.
Учрашув давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов ҳамда “China Huaneng Group” компаниясининг минтақавий директори ўртасида ўзаро ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган юқори даражадаги муносабатлар, шу кунга қадар амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этиш жоизки, учрашув давомида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган қатор истиқболли ва амалий таклифлар илгари сурилди. Мазкур таклифлар тарафлар томонидан ижобий баҳоланиб, уларни босқичма-босқич амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон гидроэнергетика тизимини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, соҳага рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш мақсадида “Ақлли ГEС” концепциясини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда Хитой Халқ Республикасининг нуфузли “China Huaneng Group Co. Hong Kong, Ltd.” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таклиф этилаётган ҳамкорлик доирасида асосий устувор йўналишлар сифатида гидротехник иншоотлар ва тўғонлар хавфсизлигини сунъий интеллект ёрдамида узлуксиз мониторинг қилиш ҳамда эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш, ГEСларда ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, бошқариш тизимларини автоматлаштириш, шунингдек, марказлашган диспетчерлик маркази орқали барча ГEСларнинг фаолиятини реал вақт режимида кузатиб бориш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ягона ГEС маълумотлар платформасини шакллантириш ҳамда соҳага мослаштирилган сунъий интеллектга асосланган “катта модель”ни яратиш орқали технологик жараёнларни таҳлил қилиш, прогнозлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, гидроэнергетика соҳаси мутахассисларининг Хитой Халқ Республикасида илғор тажрибаларни ўрганиш, замонавий технологиялар билан яқиндан танишиш ҳамда касбий малакаларини ошириш мақсадида амалий ташриф билан боришлари бўйича муҳим ташаббус илгари сурилди. Ушбу ташрифлар доирасида мутахассислар сунъий интеллект асосида ишловчи бошқарув тизимлари ва ишлаб чиқариш жараёнларини амалий ўрганишлари қайд этилди.
Мазкур ташаббуслар Ўзбекистон гидроэнергетика тизимининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, инновацион ривожланишни жадаллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқишга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


